Ватанимиз тарихидаги 28 июнь санаси билан боғлиқ бошқа айрим қизиқарли воқеалар баёни.
1500 йил (бундан 525 йил олдин) – Самарқанднинг катта амалдорлари Муҳаммад Мазидбек тархонни вакил қилиб бир неча мулозимларни Андижонга – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига бирин-кетин чопар килиб юборди. Улар қаторида Абдулваҳобнинг ўғли Мирмўғул Бобурдан Самарканд вилоятига юриш қилишни илтимос қилди.
1805 йил (бундан 220 йил олдин) – Хоразм хони Элтузархон Қўнғирот шаҳрини эгаллади. У мазкур воқеадан бир неча ҳафта ўтиб Хива шаҳрига қайтгач, қўнғиротлар сулоласи тарихини ёзишга буйруқ берди. Машҳур тарихнавис Мунис тахаллуси ила шеърлар битган Шермуҳаммад ибн Авазбий мироб (1778–1829) бу вазифани бажаришга киришди. Шу тариқа, қўнғиротлар сулоласи сиёсий қудратга эга бўлгач, ютуқларини тарих зарварақларига муҳрлашга киришди.
Мунис ўзининг “Фирдавс ул-иқбол” асарида қўнғиротлар сулоласининг шажаравий дарахтини афсонавий Қалжидай хондан сулоланинг асосчиси, Чингизхон хонадонига мансуб, Ўмбой иноқ билан боғлайдиган фактларни келтиради. Аммо тарихчи Ҳилола Назированинг қайд этишича, бу маълумотлар тарихий ҳақиқатга унчалик мос келмайди. Тарих саҳнасига келган қўнғиротлар сулоласи ўзини Чингизхон вориси деб ҳисоблаш билан чекланмай, Хоразмшоҳлар унвонларига ҳам даъво қиладилар. Бу ҳаракатда қўнғиротлар тарихини қадимийлаш учун ўзларини чингизийлардан ҳам олдинроқда яшаган сулола билан боғлашга уриниш кўзга ташланади.
1886 йил (бундан 139 йил олдин) – Каттақўрғонда биринчи рус-тузем мактаби очилди. Бу ерда дастлаб 10 нафар ўқувчи таълим олган бўлса, бир йилдан сўнг уларнинг сони 18 нафарга етди. Болаларга таълим бериш жараёни ўлканинг бошқа ҳудудларидаги каби олиб борилар, аммо бу жараёнда бир қатор номутаносибликлар ҳам мавжуд эди. Масалан, рус гуруҳларига дарс берувчи ўқитувчилар йилига 600 сўм ойлик олишган бўлса, маҳаллий синф ўқитувчилари 120 сўм маош оларди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Туркистонда рус-тузем мактабларини очишдан асосий мақсад ўлкани руслаштириш эди. Биринчи рус-тузем мактаби 1884 йил 19 декабрда Тошкентда очилган. Унда 41 бола ўқиган. 1891 йил Хивада, 1894 йил Бухорода ҳам очилган. Уларнинг сони ўн тўққизинчи аср охирида юздан ошган. Рус-тузем мактабида таълим муддати 4 йил бўлган. У русча ва маҳаллий синфларга бўлинган.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Хоразм хонлигининг бош вазири Исломхўжа бошчилигида Тошкентга, Туркистон генерал-губернаторлигига ташриф буюрган элчиларни Туркистон генерал-губернатори ўз уйида эрталаб дастурхон атрофида қабул қилди. Хоразм хонлиги элчилари Тошкентга поезд орқали махсус вагонда 24 июн куни етиб келган эдилар. Вокзалда уларни Туркистон ҳарбий округи бош штаб навбатчиси, дипломатик амалдор, шаҳар бошлиғи, комендант, полиция бошлиғи, генерал-губернаторлик отлиқлари ва хор мусиқа садолари остида кутиб олишган эди. Элчилар Тошкентдаги Гранд Отел меҳмонхонасига жойлаштирилади.
1928 йил (бундан 97 йил олдин) – ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ғафур Абдумажидов таваллуд топди. Унинг илмий фаолияти жиноятларни текшириш назарияси ва амалиётининг муаммоларига бағишланган. У Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси таркибида Ўзбекистон Республаси Конституцияси (Асосий қонуни) лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган. Ғафур Абдумажидов 1995 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – геолог олим Мухтор Аҳмаджонов таваллуд топди. У биринчи марта Ўзбекистоннинг палеозой фундаментининг тектоник харитасини тузди ва ёпиқ майдонлар геологик тузилишини мукаммал ўрганди. Ўзбекистонда токембрий қатламлари борлигини биринчи бўлиб аниқлади ва асослади. Бу эса олтин излашга кенг йўл очиб берди. Мухтор Аҳмаджонов Ўзбекистон Республикасида минерал хом ашё базасини ривожлантиришга ҳисса қўшган.
1939 йил (бундан 86 йил олдин) – тарихчи Жасур Ҳасановнинг қайд этишича, Ҳабиб Абдуллаев 27 ёшида “Ўзбекистондаги Лангар вольфрам-молибден кони геологик тузилиши, минерал таркиби ва генезиси” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, геология-минералогия фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Орадан етти йил ўтгач, 1946 йилда у “Ўрта Осиёнинг шеелитли скарнлари геологияси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳам ёқлади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, президенти Ҳабиб Абдуллаев 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган. У Ўрта Осиёда биринчи – “Ўзбекистон геология журнали”ни ташкил қилган ва унинг масъул муҳаррири бўлган. Унинг раҳбарлигида 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертациясини ёқлаган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкентда Покистон Ислом Республикаси элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий коммуникациялар соҳасида қонунчиликка риоя қилиниши устидан мониторинг олиб боришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан “Ўзбекистон Республикасида босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ипак йўли» туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА