Бугун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов мазкур ташкилот тизимида меҳнат қилаётган ёш мутахассислар билан очиқ мулоқот ўтказди.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда энергетика соҳасида фаолият юритаётган ташаббускор ва истиқболли ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дадажон Исақулов барча ёшларни Ёшлар куни билан муборакбод этар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларга яратилаётган имкониятлар, шу жумладан, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, кадрлар салоҳиятини ошириш, технологик янгиланиш ва бошқарув жараёнларида ёшларни фаол жалб этиш бўйича режаларга тўхталди.
– Ёшлар – тармоғимизнинг келажаги. Электр энергетикаси тизимини янада ривожлантиришда айнан ёшларнинг билим ва салоҳияти, янгича фикрлаши, технологик ечимларга қизиқиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз ҳар бир ёш мутахассиснинг ташаббусини қўллаб-қувватлашга, уларга муносиб шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Уларнинг фикри, ғояси ва саъй-ҳаракатлари соҳа келажагига таъсир кўрсатади, – дея таъкидлади акциядорлик жамияти раҳбари.
Учрашув очиқ, эркин ва самимий руҳда ўтди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларини эшитиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан очиқ мулоқот қилишга эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан кўтарилган таклиф ва масалалар юзасидан жойида ечимлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, яқин келажакда ёшлар учун стажировка ва малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш борасида ташаббуслар билдирилди.
Шу тариқа, “Раҳбар ва ёшлар” мулоқоти нафақат эзгу ташаббус, балки электр энергетикаси соҳасида инсон капитали салоҳиятини юзага чиқариш, ёшларни стратегик жараёнларга жалб этиш ва уларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида қайд этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6hUMtKG1LeE" title="Dadajon Isaqulov: “Har bir yosh kadrning salohiyati energetika sohasi kelajagini belgilaydi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ёқуб Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА