2025 йил 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида республикамиздаги бир неча йирик саноат корхоналари қатори “Навоийуран” давлат корхонаси ҳам 300 миллион долларлик евробонд жойлаштириши белгиланган эди.
Айни пайт “S&P Global Ratings” ва “Fitch Ratings” халқаро агентликлари томонидан корхонага ВВ (корхона мустақил профили – BB, пронгоз – барқарор) даражасидаги рейтинг кўрсаткичлари берилган. Шу билан бирга жорий йил апрель ойида “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги корхонага 3-даражали, 55 балли ESG рейтингини тақдим этди.
Жамоанинг дастлабки халқаро облигацияларини чиқариш жараёнида банк-андеррайтер этиб CITI, “Abu Dhabi Comercial Bank” ва “Natixis” инвестиция банклари, молиявий маслаҳатчи этиб “Finasia Capitals”, хуқуқий масалаҳатчи этиб “Dentons” юридик компанияси ва ташқи аудитор сифатида “Deloitte” аудиторлик ташкилоти ҳамкорлар сифатида танлаб олинди.

Жорий йил 23-24 июнь кунлари Лондон шаҳрида 64 нафар йирик халқаро инвестор билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар доирасида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаси, хусусан “Навоийуран” ДКда 2022-2024 йилларда олиб борилган трансформация жараёни ва келгусидаги ривожланиш режалари юзасидан батафсил ахборот берилди.
Салоҳиятли инвесторлар корхонанинг евробонд жойлаштириш режасига юқори қизиқиш билдирди.
Халқаро инвесторларнинг юқори қизиқиши ва банк-андеррайтерлар тавсияларини инобатга олиб, муассасанинг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 5 йиллик евробондининг бошланғич фоиз ставкаси 7,250-7,375 фоиз оралигида белгиланди ва буюртмалар китоби очиқ, деб эълон қилинди.

Хорижий инвесторларнинг фаоллиги туфайли 93 нафар сармоядор буюртмаси жами 1,3 миллиард доллар (талабдан 4,3 баробар кўп)дан ошгани муносабати билан фоиз ставкаси туширилди ва якуний купон ставкасини 6,70 фоиз этиб белгилашга эришилди.
Натижада корхонанинг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 5 йиллик евробондларини 6,70 фоиз купон ставкаси (дастлабки фоиз ставкасига нисбатан 0,675 фоиз паст)да жойлаштирилди.
Эътироф этиш жоиз, жорий йил “Навоийуран” ДК “London Stock Exchange”да мамлакатимиз корхона ва ташкилотлари орасида энг паст купон ставкаси билан жойлаштирган Дебют евробонд бўлди.
Евробондни жойлаштиришдан тушган маблағ корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш, транспорт ва технология паркини кенгайтириш лойиҳаларига, уран захирасини кўпайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширишга йўналтирилади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА