“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Жаҳон банки ва Буюк Британиянинг ташқи, ҳамдўстлик ва тараққиёт бюроси Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш офиси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари: Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори Элдор Туляков кейинги йилларда амалга оширилган муҳим ислоҳотлар натижасига тўхталди. Жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6,5 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 114,9 миллиард долларни ташкил этгани, аҳоли жон бошига ЯИМ 39,1 миллион сўмга етгани таъкидланди. Шунингдек, гендер сиёсати сабаб сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилгани, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни тизимли ҳал этиш бўйича "Xotinqizlar.uz" ягона интерактив миллий платформаси ишга туширилгани эътироф этилди.
[gallery-24074]
– Бу натижалар шунчаки статистика эмас, балки Ўзбекистонда барқарор ва адолатли ривожланиш моделининг амалга оширилаётганига яққол далилдир, – деди Элдор Туляков.
Шунингдек, марказ раҳбари Жаҳон банки томонидан ҳар ойда ўтказиладиган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” сўровномасининг сўнгги натижаларига тўхталди.
Давра суҳбати давомида Жаҳон банки томонидан 2025 йил май ойида йиғилган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари тақдим этилди.
Унга кўра, аҳолининг умумий иқтисодий ҳолат ҳақидаги тасаввури барқарорлигича қолмоқда. 2025 йил май ҳолатига кўра, уй хўжаликларининг 87 фоизи ўз иқтисодий шароитлари яхшиланганини билдирган. 2025 йил бошидан бери фуқароларнинг иш жойини йўқотишдан хавотири сезиларли даражада камайган. Ҳозирда бу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этмоқда. Бироқ, бу хавотир даражаси даромадга қараб сезиларли фарқ қилмоқда: энг кам таъминланган 20 фоиз уй хўжаликларининг 46 фоизи ишини йўқотишдан хавотирда, энг бой 20 фоиз уй хўжаликларида эса бу кўрсаткич атиги 21 фоизни ташкил этмоқда.
Миграция билан боғлиқ уй хўжаликлари улуши 2025 йил бошидан бери 8 фоиздан 15 фоизгача ошган. Бунинг асосий икки сабаби: биринчиси, халқаро меҳнат миграциясининг мавсумий характерга эга бўлиши – баҳор ва ёзда мигрантлар чет элга ишлашга кетади, қишда эса қайтиб келади. Иккинчиси эса давлат томонидан кўникма ва тил ўргатиш курслари орқали уюшган меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш ҳамда миграция йўналишларини диверсификация қилиш бўйича фаол иш олиб борилишидир.
Тадқиқот давомида энергетика тарифларини ислоҳ қилиш борасида фуқаролар фикри ҳам ўрганилган. Қуйидаги ҳолатлар аниқланган: уй хўжаликларининг 2025 йилдаги тариф ислоҳоти ва ижтимоий меъёр ҳақидаги хабардорлиги юқори, бироқ аҳолининг компенсация чоралари борасидаги хабардорлиги етарли эмас. Бу борада мақсадли гуруҳларга йўналтирилган оммавий ахборот компаниялари орқали хабардорликни ошириш мумкин. Шунингдек, уй хўжаликлари электр энергиясини тежаш мақсадида энергия самарадор қурилмалардан фойдаланишга ўтишни кўриб чиқмоқда. Бу йўналишда инновацион ва мақсадли ахборот етказиш аҳолининг қизиқишини ошириши мумкин.
Тадбирнинг яна бир қисми Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бағишланди. Жаҳон банкининг камбағаллик ва тенглик бўйича глобал амалиёт бўйича менежери доктор Амбар Нараян мавзу юзасидан шундай деди: "Ўзбекистон 2024 йилда Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ индексида сезиларли ютуқларга эришганини кўрсатди. Бундан ташқари, ҳукумат жорий йилда иш жойларида гендер тенглиги бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳукумат жорий йилда Меҳнат кодексига жинсий зўравонлик ва болани парваришлаш таътиллари тўғрисидаги нормаларни киритди. Кўряпмизки, мамлакат бу соҳада намуна бўлиб, Марказий Осиёдаги ва ундан ташқаридаги қўшниларни ўз мамлакатларида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш учун сиёсий ва ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширишга илҳомлантирди".
Иштирокчилар, шунингдек, Олий Мажлис Сенати, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, "Hamroh" ва "Uzum" компаниялари вакиллари билан ўтказилган панель муҳокамасида Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш муаммоларини муҳокама қилдилар.
Умиджон Қурбонов,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА