Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 14-тур учрашувлари давом этмоқда. Бугун, 27 июнь куни мазкур тур доирасида "Насаф" — "Пахтакор" ва "Қўқон-1912" — "Динамо" клублари баҳси ўтказилади.
Турнинг марказий ўйини дея эътироф этилаётган "Насаф" — "Пахтакор" тўқнашуви олдидан ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинига назар ташласак. Жамоалар шу кунга қадар чемпионатларда жами 56 марта ўзаро баҳс олиб борган. Уларнинг 30 тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 14 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. “Насаф” эса 12 ўйинда ғалаба қозонган. Тўплар нисбат 79/49 - пойтахт клуби фойдасига.


Эслатиб ўтамиз, "Насаф" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги беллашув Қаршидаги "Марказий" стадионида соат 20:00да бошланади. Дарвоқе, куни кеча мусобақанинг 14-турини бошлаб берган “Хоразм “ – “Андижон” ўртасидаги учрашув 2:3 ҳисобида якунланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА