Америка Қўшма Штатларида футбол бўйича клублар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи ўз якунига етди.
Икки гуруҳда сўнгги 3-тур баҳслари ўтказилди. Жумладан, “G” гуруҳида “Ювентус” ва “Манчестер Сити” учрашуви 2:5 ҳисобида якунланди. “Видад” ҳамда "Ал-Айн" жамоалари ўйини 1:2 ҳисобида ўз якунига етди. Натижада, “Манчестер Сити” 9 очко билан биринчи ўриндан жой олди. “Ювентус” 6 очко жамғариб, иккинчи бўлди. "Ал-Айн" 3, “Видад” эса очкосиз гуруҳнинг кейинги поғоналаридан жой олди.

“H” гуруҳидаги беллашувларда “Реал Мадрид” 3:0 ҳисобида “РБ Зальцбург” устидан зафар қучди ва 7 очко билан кейинги босқичга биринчи ўринда чиқди. “Ал-Ҳилол” эса “Пачука”ни 2:0 ҳисобида енгиб, очколарини 5 тага етказиб олди ва иккинчи ўринга кўтарилди. “РБ Зальцбург” ва “Пачука” жамоалари бугунги мағлубиятдан сўнг 3-4 ўринга жойлашди ва мусобақа билан хайрлашди.

Шу тариқа, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичига йўл олган барча жамоалар номи аниқ бўлди. Қуйида нимчорак финал учрашувлари рўйхати билан танишасиз:
28 июнь: “Палмейрас” — “Ботафого”, “Бенфика” — “Челси”;
29 июнь: “ПСЖ” — “Интер Майами”, “Фламенго” — “Бавария”;
30 июнь: “Интер” — “Флуминенсе”, “Манчестер Сити” — “Ал Ҳилол»;
1 июль: “Реал” — “Ювентус”, “Боруссия Д” — “Монтеррей”.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА