Кейинги йилларда иқтисодий тенгсизликни ўлчашда сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш глобал илмий ва сиёсий жиҳатдан муҳимлик касб этмоқда. Бу борада юртимизда тунги ёруғлик маълумотлари асосида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хўш, бунинг амалий самарадорлиги нимада? Шу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси Дастурий тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Улуғбек ТУРСУНОВнинг фикрларига қизиқдик.

– Анъанавий методлар – масалан, уй хўжаликлари сўровномалари ёки аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари – қиммат, вақт талаб қилувчи ва баъзида ҳудудий аниқлик жиҳатидан чекланган бўлиши мумкин. Айни пайтда эса сунъий йўлдошдан олинган тунги ёруғлик маълумотлари инфратузилма, аҳоли зичлиги, иқтисодий фаоллик каби омилларни бевосита ёки билвосита акс эттирувчи ишончли прокси кўрсаткичга айланмоқда, – дея фикр билдиради мутахассис.
Тунги ёруғлик даражаси асосида 2014-2024 йиллар оралиғидаги тенгсизлик даражаси ўлчанган. Тадқиқотда тунги ёруғлик даражаси ва аҳоли зичлиги ўртасида кучли ижобий боғлиқлик борлиги аниқланган. Айниқса, тунги ёруғлик даражаси Тошкент шаҳри ва Фарғона водийси ҳудудларида юқори бўлиб, бу иқтисодий фаоллик ва инфратузилма ривожланганлигини кўрсатади.
Тунги ёруғлик асосидаги "Gini" индекси ҳисоб-китоблари шуни кўрсатмоқдаки, 2014-2024 йиллар давомида умумий тунги ёруғлик тенгсизлиги пасайган. Айниқса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич кескин камайган, бу – электр таъминоти соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир. Бироқ пандемия йилларида айрим ҳудудларда, масалан, Хоразм вилоятида тунги ёруғлик тенгсизлиги ортгани кузатилган. Бу иқтисодий фаолликдаги пасайишлар ва уларнинг ҳудудий тақсимотдаги таъсирини кўрсатади.
Тадқиқотда тунги ёруғлик кўрсаткичлари билан анъанавий даромадга асосланган "Gini" индекслари солиштирилиб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳам таҳлил қилинди. 2021-2022 йилларда бу икки кўрсаткич ўртасида деярли ҳеч қандай корреляция мавжуд эмаслиги аниқланган бўлса-да, 2023-2024 йилларда улар ўртасида ижобий боғланиш юзага келган. Бу даромад манбалари тузилмасининг ўзгариши билан изоҳланади. Шу боис тунги ёруғлик ва даромад асосидаги тенгсизлик ўлчовлари ўзаро тўлдирувчи манба сифатида қаралмоқда.
– Тунги ёруғлик асосидаги тенгсизликни ўлчашнинг муҳим жиҳати нимада?
– Тунги ёруғлик асосидаги тенгсизликни ўлчашнинг муҳим устунликларидан бири, бу туманлар даражасида юқори аниқликда таҳлил қилиш имкониятидир. Уй хўжаликлари сўровномалари одатда вилоят даражасида репрезентатив бўлса, сунъий йўлдош маълумотлари орқали барча туманлар кесимида "Gini" индексини ҳисоблаш мумкин. Масалан, 2024 йил ҳолатига кўра Ғузор, Хонқа, Қоровулбозор, Нишон ва Кармана туманларида тунги ёруғлик бўйича энг юқори тенгсизлик кузатилган. Бу ҳудудларда инфратузилма ва иқтисодий имкониятларнинг нотекис тақсимлангани эҳтимоли юқори.
Хулоса шуки, сунъий йўлдош маълумотлари, хусусан, тунги ёруғлик даражалари – иқтисодий тенгсизликни ўлчашда кучли ва замонавий восита сифатида хизмат қилиши мумкин. У нафақат мавжуд вазиятни таҳлил қилиш, балки ҳудудлараро сиёсат самарадорлигини баҳолаш учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА