Ўзбекистон журналистикаси узоқ ва тарихий йўлни босиб ўтди. Соҳа ривожи учун қанчадан-қанча фидоий инсонлар ўз умрини бағишлади ва уларнинг шарафли йўли бугунги ўсиб келаётган авлод учун тажриба ва маҳорат мактабидир.
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати Тошкент Фотосуратлар уйида мамлакатимиз журналистикаси тарихи ва бугунига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди. “Ўзбекистон матбуоти архив ҳужжатларда” деб номланган ушбу намойишларда Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган салкам 100 йиллик Ўзбекистон матбуоти тарихини акс эттирган 150 дан ортиқ фотоҳужжатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган кўргазмада ОАВ ҳақидаги маълумотлар, архив ҳужжатлари, фотоматериаллар илк бор намойиш этилмоқда. Шунингдек, кўргазмадан даврий нашрлар таҳририятларининг ижодий учрашувлари, босмахоналарнинг фаолияти, интервью ва суҳбатлар, республика марказий ва ҳудудий газета ва журналлар, телерадиостудияларнинг иш жараёнлари, теледастур ва эшиттиришлар тайёрлаш, материаллар устида ишлаш, тасвирга олиш ва овоз ёзиш жараёнлари муҳрланган ноёб экспонатлар ўрин олган.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек ушбу кўргазма журналистлар, умуман қалам аҳли учун бугунги кунда жуда долзарб ва ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Муҳими ана шундай тадбирлар орқали инсон қадри доимо улуғланадиган юртимизда фидоий касб эгаларининг меҳнати ҳеч қачон унутилмаслиги ва ардоқланиши кўрсатиб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PrjntMBUAI8" title="Arxivlar – tarix ko‘zgusi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ёқуб Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА