Бундан 160 йил бурун – 1865 йил июнь ойида бобо-момоларимиз Тошкентда Россия империяси ҳарбий кучларига қарши жон олиб, жон бераётган эдилар. Туркистоннинг энг кекса ва муҳим ҳарбий-сиёсий, иқтисодий марказларидан саналмиш шаҳарни қўлга киритишни 1864 йил 1 октябрда бошлаган ёвуз душман 1865 йил 29 июнида ўз қабиҳ ниятига эришган – тўққиз ой деганда Тошкентни эгаллаган.
Истиқлол йилларида ҳам мазкур ўта муҳим масалага тўлиқ илмий ва адолатли баҳо берилмагани шароитида ушбу йўналишда чуқур изланишлар олиб бориш, янги манбалар асосида илмий хулосалар чиқариш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш зарурияти ҳозирда ҳар қачонгидан кучлилигини кўрсатмоқда.
Фанлар академияси Тарих институтида “Тошкент босқинининг 160 йиллиги: ҳақиқат ва уйдирмалар” илмий йиғини ўтказилишидан бош мақсад ҳам бу борада йиғилиб қолган фикр-мулоҳазалар, сўнгги йилларда қўлга киритилган илмий натижалар, мавзу манбашунослиги, янгича (холис) илмий ёндашувлар бўйича қарашлар, муаммоларни ўртага ташлашдан иборатдир.
Тадбир сўнггида бўлиб ўтган савол-жавоблар, тортишувлар бугунги тадбир ўз вақтида уюштирилгани, бу борадаги фикрлар алмашувини давом эттириш зарурлигини кўрсатди. “Тошкент босқинининг 160 йиллиги: ҳақиқат ва уйдирмалар” илмий йиғинида билдирилган илмий қарашлар, фикрлар халқимиз, айниқса, ёшларни тарихий билимлар билан қуроллантириш, юрт учун куюниб яшаш, тинчлик-осойишталик, озодлигимизни кўз қорачиғидек қўриқлашдек муқаддас бурчни бажаришга хизмат қилади деган умиддамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UfpkF2YMwxk" title="Toshkent bosqini: haqiqat va uydirmalari …" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА