Сенат ялпи мажлисида “Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Битим 2024 йил 6 ноябрь куни Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида “Туркий дунёни кенгайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан имзоланган.

– Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида табиий офатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ташкилот аъзоларининг соҳа йўналишидаги дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат, – деди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Одилжон Маматкаримов. – Битимда ташкилотга аъзо давлатлар кузатувчи давлатлар ва бошқа давлатларнинг ҳудудларида юз бериши мумкин бўлган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда фавқулодда эҳтиёжларни қондириш учун биргаликдаги фаолиятни самарали ташкил этиши назарда тутилмоқда.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, табиий офатлар вақтида тезкор қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги мониторинг, таҳлиллар натижаларини ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини тизимлаштириш ҳамда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби масалаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари белгиланган.
Қонун билан мазкур Битимнинг ратификация қилиниши фавқулодда вазиятлар соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш ва табиий офатларнинг олдини олиш, прогнозлаш, мониторинг ва таҳлил қилишга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун фавқулодда вазиятлар ва ҳолатлар содир бўлганда бошқарув ва қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этиш бўйича тажриба алмашишга имкон яратади.
Н.Абдураимова,
ЎзА