Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳоли ва корхоналарга тақдим этилаётган хизматлар ва маҳсулотлар юзасидан фойдаланувчилар фикрини ўрганиш, мавжуд имкониятлар ва муаммоларни аниқлаш, бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётганини баҳолаш мақсадида юртимиздаги йирик корхоналардан бири — “Навоийазот” АЖга жамоатчилик сўрови киритилди.
Бугунги кунда юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, айниқса, истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларининг кафолатланишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Иш ва хизматлар бозорида аҳоли учун қулайликлар яратилиши ва имтиёзлар берилиши баробарида ишлаб чиқарувчилар ҳамда хизмат кўрсатувчилардан маҳсулот, иш ва хизматларнинг сифатли, одамлар ҳаёти ва соғлиги учун зарарсиз ва кафолатли бўлиши талаб этилмоқда. Бунда, албатта, жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “ 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва ушбу ҳужжат асосида тасдиқланган “Йўл харитаси”да жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга
оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки даражасини ошириш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларида ҳам фуқаро (истеъмолчи)ларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган, ижтимоий шериклик асосида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш ҳамда соҳада ислоҳотларнинг очиқлиги ва жамоатчилик иштироки даражаси, истеъмолчилар хавфсизлиги, экологик таъсир, маҳсулот сифати, ижтимоий масъулият ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб боришда жамоатчилик вакилларининг ўрни ва роли белгилаб қўйилган.
“Навоийазот” АЖ мамлакатимиздаги энг йирик кимё саноати корхоналаридан бири бўлиб, бу ерда мамлакатимиз кимё саноати маҳсулотларининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади, 9 мингга яқин муҳандис, технолог ва ишчилар меҳнат қилади.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланишини таъминлаш, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш борасидаги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати, кўрсатилаётган иш ва хизматлар хавфсизлиги, экологик таъсири ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ушбу сўровнинг асосини ташкил этади.
Сўров натижаларига кўра, келгусида жамоатчилик эшитуви ўтказилиши ҳам режалаштирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири