_
Ўтган йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари билан республикамизда 12 минг 278 наркожиноят аниқланди;
2,3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди;
15 минг м2 ер майдонида ноқонуний етиштирилган гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди...
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни. Мазкур сана муносабати билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори ўринбосари Шавкет Каюмов билан суҳбатлашди.
Шавкет Рустамович, айни пайтда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазият қандай?
– 2024 йил давомида ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари билан республикамизда 12 минг 278 наркожиноят аниқланди. Тезкор-профилактик тадбирлар натижасида 2,3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинди.

15 минг м2 ер майдонида ноқонуний етиштирилган гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди. 200 дан ортиқ дорихона орқали таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари ноқонуний реализация қилингани аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бундан ташқари, аҳолида, айниқса, ёшларда гиёҳвандликка қарши “иммунитет”ни шакллантириш, уларни огоҳликка чақириш мақсадида таълим муассасалари, маҳаллалар, масжидлар, давлат ва хусусий секторга қарашли идора ҳамда ташкилотларда жами 40 мингга яқин тарғибот ва тарбиявий-профилактик тадбирлар ўтказилди.
Мазкур тадбирларда жами 4 миллион нафар аҳоли қамраб олиниб, уларнинг қарийб 3 миллион нафарини ўқувчи ва талабалар ташкил этди. Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқларида жами 11 мингта материал ёритилиб, аҳолига 200 мингга яқин буклет ва флаерлар тарқатилди.
– Айнан қайси наркотик ёки бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситалари айланмаси кучайган ва қайси йўл билан? Уларга қарши қандай курашилмоқда?
– Ўтган йили ноқонуний муомаладан олинган наркотикларнинг 34 фоизини “марихуана”, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг 81 фоизини эса “прегабалин” ташкил этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда мамлакатимизда синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи сезиларли даражада кўпаймоқда. Уларнинг аксарияти “мефедрон”, “a-PVP”, “МДМА” ва “метамфетамин” каби моддалар ҳисобланади.
Ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан республика ҳудудида синтетик наркотикларни қўлбола усулда тайёрлашга мўлжалланган 5 та яширин нарколабораториялар аниқланиб, уларда сақланган 70 кг.дан ортиқ наркотик ва 1 тоннага яқин прекурсорлар ноқонуний муомаладан олинди.
– Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини эксперт жиҳатдан баҳолаш, бу борада ягона ахборот алмашуви ва идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш ишлари қандай йўлга қўйилган?
– 2025 йил февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. 31 январь куни мазкур ойлик юзасидан Ёшлар ишлари агентлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, фаол ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ойлик доирасида турли муассаса ва ташкилотлар ҳамкорлигида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тарғибот тадбирларига “маҳалла еттилиги” тузилмаси вакиллари жалб этилди.
Миллий гвардия тизимидаги 2 мингга яқин инспектор-психологлар учун офлайн ва онлайн тарзда ўқув-семинари ташкил этилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Таълим муассасаларида ёшлар орасида психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ишларини ташкил этиш механизмлари” бўйича услубий қўлланма тақдимоти ташкил этилди. ИИВ академиясида “Янги турдаги гиёҳвандлик воситалари ва уларни аниқлаш усуллари” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Профессионал таълимни ривожлантириш институтида семинар ташкил этилди. Қуролли Кучлар Академиясида “Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари орасида наркотик ва психотроп моддаларга бўлган мойилликни аниқлаш методикаси ва профилактикаси” мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.
Ушбу тадбирлар орқали давлат органлари ва ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинуви, билим ва кўникмаларни ошириш ҳамда идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани кўзга ташланади.
– Гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасида хорижий давлат тузилмалари ҳамда халқаро ташкилотлар билан қандай ҳамкорлик ўрнатилган?
–Гиёҳвандликка ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасидаги қатъий сиёсий ирода туфайли амалий чора-тадбирлар самарадорлиги ортмоқда. Бу борада марказий мувофиқлаштирувчи орган сифатида Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази фаолият олиб бормоқда.
Қонунчилик ва институционал ислоҳотлар борасида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берган муҳим қадамлардан бири2024 йил май ойида қабул қилинган 2024 - 2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши миллий стратегия бўлди. У 110 нафардан ортиқ маҳаллий ва 59 нафар халқаро мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилди.
Стратегия 6 асосий мақсад ва 48 устувор йўналишни қамраб олади. Профилактика ва эрта диагностика, реабилитация тизимини ривожлантириш, интернет орқали тарқатилаётган гиёҳванд моддаларга қарши кураш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш шулар жумласидандир.
Ушбу ҳужжат асосида 2024–2025 йилларга мўлжалланган миллий дастур тасдиқланди. Халқаро ҳамкорлик йўналишида бугунги кунда Миллий марказ 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.
Хусусан, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Тошкентдаги Минтақавий ваколатхона, Европа Иттифоқи CADAP дастури, ЕХҲТ, ШҲТ, Марказий Осиё минтақавий ахборот ва мувофиқлаштириш маркази минтақавий хавфсизлик соҳасидаги муҳим шериклардир.
Европа Иттифоқи CADAP дастури 7-фазаси доирасида 100 дан зиёд мутахассис нуфузли халқаро муассасаларда малака оширди ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга махсус техника ҳамда ускуналар тақдим этилди.
Муваффақиятли ташаббуслардан бири – 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган Марказий Осиёда наркотикларга қарши ягона фронт тузиш ҳақидаги резолюция ҳисобланади. 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий ахборот ва мувофиқлаштириш марказига раислик қилмоқда.
Халқаро дастурлар доирасида Ўзбекистон ихтисослаштирилган техника ва ускуналар (масалан, CADAP-7 доирасида), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун ўқувлар, қонунчилик ва рақамли мониторинг юзасидан методик ёрдамлар каби кўмаклар олди.
Айниқса, сўнгги 5 йилда мусодара этилган синтетик наркотикларнинг ҳажми 80 баробарга ошгани халқаро ҳамкорликнинг заруратини янада оширмоқда. Айрим таҳдидлар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви долзарб аҳамиятга эга.
Миллий марказ нафақат миллий даражада, балки глобал даражада ҳамкорлик платформасига айланмоқда. Стратегик мақсад наркотикларганисбатан жамиятда иммунитет яратиш ва трансмиллий наркотаҳдидларга қарши мустаҳкам тўсиқ қўйишдан иборат.
– Марказга гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасида эришилган натижалар ва аниқ кўрсаткичлар акс эттирилган батафсил ахборотни доимий равишда кенг жамоатчиликка етказиб бориш юклатилган. Бунинг ижроси қандай таъминланмоқда?
– Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва кўрсаткичлар доимий равишда жамоатчиликка етказилиб борилмоқда. Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни амалга ошириш юзасидан 2024 -2025 йилларга мўлжалланган миллий дастур ижросини кенг ёритиш юзасидан медиа-режа ишлаб чиқилди.
Медиа-режа доирасида 600 дан ортиқ махсус репортаж ва кўрсатувлар тайёрланди. 7,2 минг материал оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида ёритилди.
“Эътибор”, “Кураш”, “Танлов” каби ҳаётий воқеаларга асосланган қисқа метражли фильмлар ишлаб чиқилди. Ушбу фильмлар жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тармоқ фаоллари томонидан фаол тарзда улашилиб, уларнинг қамрови янада кенгайди. Мазкур фильмлар ўқувчиларга ҳам намойиш этилди.
Миллий марказ томонидан огоҳликни оширишга қаратилган жами 6 та 3,7 миллион нусхада флаерлар ишлаб чиқилиб, аҳоли гавжум жойларда тарқатилди. Эътиборлиси шундаки, флаерларни тарқатиш жараёнида ёшлар ҳам фаол иштирок этди.
Мамлакатимиз бўйлаб гиёҳвандликка қарши курашда бирдамликка чақирувчи тарғибот карвонлари ташкил этилиб, кенг жамоатчилик қамраб олинганининг ўзи ҳам замон талабидан келиб чиққан ҳолда профилактик тадбирлар янгича усул ва ёндашув билан ташкил этилаётганига мисол бўла олади.
Долзарб мавзулар бўйича ўтказилаётган матбуот анжуманларида гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш соҳасидаги энг сўнгги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиб келинмоқда.
Ушбу ишлар орқали аҳолининг хабардорлик даражаси ошиб, гиёҳвандлик воситаларининг хавфли оқибатлари ва уларнинг олдини олиш механизмлари борасидаги тушунчалари мустаҳкамланмоқда.
Марказ фаолияти шаффофлиги ва жамият билан очиқ мулоқотни таъминлаш устувор йўналиш сифатида доимо эътибор марказида бўлиб қолади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.