Бугун, 26 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 14-тур учрашувлари старт олади. Бу турнинг илк ўйини "Хоразм" ва "Андижон" жамоалари ўртасида кечади.
Эртага, 27 июнь куни "Насаф" — "Пахтакор" ва "Қўқон-1912" — "Динамо" клублари баҳсига гувоҳ бўламиз. 28 июнь куни эса "Навбаҳор" — "Машъал", "Қизилқум" — "Нефтчи", 29 июнда "Бухоро" — "Шўртан", "Бунёдкор" — "Сўғдиёна" жамоалари ўзаро рақобатлашади. Турни 30 июнь куни ўтказиладиган ОКМК ва "Сурхон" ўйини якунлаб беради.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, мазкур тур олдидан “Насаф” 31 очко билан Суперлигада пешқадамлик қилмоқда. Ушбу жамоани “Динамо” битта ўйин кам ўтказган ҳолда 25 очко тўплаган ҳолда таъқиб қилмоқда. ОКМК эса 24 очко жамғариб, кучли учликдан жой олган.


Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Суперлигасининг орта қолган 13 туридан сўнг “Навбаҳор” жамоаси ўйинларига жами 79 минг 485 нафар футбол ихлосманди ташриф буюрган. Шунингдек, “Андижон” жамоаси ўйинларига 66 минг 474, “Нефтчи” учрашувларига 59 минг 556 нафар мухлис келган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА