Вьетнамнинг Вунгтау шаҳрида спорт курашлари бўйича U17 ёш тоифасида Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунида аёллар кураши ва эркин кураш бўйича баҳслар ташкил этилди.
Жумладан, аёллар курашида Мухлиса Машарипова (-43 кг) ва Дилрабо Дуллиева (-73 кг) каби спортчиларимиз бронза медалини қўлга киритди. Шу тариқа, курашчи қизларимиз мазкур чемпионатни 1 тадан олтин ва кумуш ҳамда 2 та бронза медали билан якунлади.

Эркин кураш бўйича вазни 80 килограммгача бўлган полвонлар беллашуви финалида ҳамюртимиз Бунёд Руфатов қирғизистонлик Руслан Асановни мағлубиятга учратган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Шоҳиддин Алиев (-65 кг) ва Фаррухбек Жуманазаров (-71 кг) терма жамоамиз ҳисобига бронза медалини тақдим этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА