Ватанимиз тарихидаги 26 июнь санаси билан боғлиқ бошқа айрим қизиқарли воқеалар баёни.
1194 йил (бундан 831 йил олдин) – Ҳоразмшоҳлар тахтини 1172 – 1200 йилларда идора этган султон Алоуддин Такаш Ироқ Салжуқийларининг пойтахти бўлган Ҳамадонда тахтга ўтирди. “Роҳат ус-судур” асарида қайд этилишича, султон Такаш ўша ерда қолган муддат ичида Ҳамадон атрофида бир ойда қуриб битказилган ов кўшкида катта бир расмий қабул ташкил қилди, ҳамманинг дардларини тинглади. Ҳамадон имомларини ва таниқли кишиларини ҳурматлаб, уларга илтифот кўрсатди. Ҳамадондаги дабдабали маросимлардан кейин Хоразмшоҳ Гурганжга қайтиб келди.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Кастилия ва Леон қироли Дон Энрико III томонидан Самарқандга – Амир Темур саройига юборилган элчилар гуруҳи салтанатнинг йирик савдо шаҳри ҳисобланган Султонияга етиб келдилар. Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги элчилар Султонияда Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ Мирзо қабулида бўлишган.
1896 йил (бундан 129 йил олдин) – Россия империяси сарой маслаҳатчиси Пётр Ратманов томонидан Хива йўналишида темир йўл қуриш тўғрисидаги лойиҳа ҳукуматга тақдим этилди. Тарихчи Толиб Сафаровнинг қайд этишича, бундай лойиҳаларнинг барчаси асосан битта мақсадга, яъни Хива хонлиги ҳудудидан кўпрок хомашёнинг ташиб кетилишига шарт-шароит яратишга қаратилган эди.
1916 йил (бундан 109 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторининг шу кунги буйруғида мутасаддиларга зудлик билан маҳаллий аҳолидан кимларга совуқ ва ўқотар қуроллар сотиб олиб, эгалик қилишга рухсат берилганини аниқлаш вазифаси топширилди. Ўз навбатида, мазкур буйруқда маҳаллий аҳолидан барча қуроллар дарҳол мусодара қилиниб, давлат ҳисобига олиб қўйилиши кўрсатиб ўтилган эди.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – Ўзбекистон цемент саноатининг тўнғичи – Хилькова цемент заводи (ҳозирги “Бекободцемент”) ишга тушди. У 1913 йилда қурила бошланган эди.
1940 йил (бундан 85 йил олдин) – СССР Олий Совети Президиумининг “Саккиз соатлик иш куни, етти кунлик иш хафтасига ўтиш ва ишчи-хизматчиларнинг иш жойларидан рухсатсиз кетишларини таъқиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу фармон билан совет ҳукумати ишчи, хизматчи ва меҳнаткашларли иш жойларига ипсиз боғлаб қуйиб, кичик хато (ишга кечикиш, касал бўлиб қолиш ва ҳ.к.)лар эвазига ишдан кетишга ёки турли хил маъмурий жазолар (жарималар ва ҳ.к.) ўташга мажбур қилган. Фармонга мувофиқ, ишга кечикиб келганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилган. Мазкур фармонни амалга ошириш натижасида миллий саноат қурилиши соҳасидаги минглаб ишчилар ва техник ходимлар турмаларга ташланиб, маҳбусларга айлантирилди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакатда ишчилар ва хизматчилар учун ишдан ташқари вақтда мажбурий ишлаб бериш жорий этилди. Катта ёшдагилар учун иш куни олти кунлик иш ҳафтасида 11 соатгача узайтирилди, аслида иш куни 12–14 соатга чўзиларди. Таътилга чиқиш бекор қилинди. Бу ҳол ишчи-хизматчилар сонини кўпайтирмасдан туриб ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмини тахминан учдан бирга ошириш имконини берди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – тошкентлик 1551 хотин-қиз армия сафига кабул қилишларини, фронтда жанг қилиш истагини билдириб ариза берди.
1964 йил (бундан 61 йил олдин) – Ўзбекистонда биринчи марта Тошкент денгизи (Туябўғиз сув омбори)да денгиз паради ўтказилди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ССЖ Фанлар академиясининг Астрономия институтига Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Италиянинг Флоренция шаҳридаги “Фортеза да Бассо” қўрғонида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида “Шериклик ва Ҳамкорлик” тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур битим 1999 йилнинг 1 июлидан кучга кирган. Битимнинг 1999 йилгача амалиётга тадбиқ этилмаганинининг сабаби шундаки, битим Европа Иттифоқига аъзо ҳар бир мамлакат парламенти томонидан ратификация қилмагунга қадар тўла кучга кирмайди. Ушбу битимни энг охири бўлиб Франция парламенти тасдиқлаган.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Корея Республикасининг ўн бешинчи асрда қирол Сежон таъсис этган олий мукофоти – “Олтин Юлдуз” орденига биринчи марта ўзга давлат фуқароси – ўзбекистонлик рассом Николай Шин (1928–2006) сазовор бўлди. Унинг 75 та асари Сеулнинг замонавий санъат миллий музейи залларида намойиш этилди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бир гуруҳ тарихчи олимлар, журналистлар, ижодий ходимлар билан учрашди. Мазкур суҳбатда фавқулодда бой ва бетакрор тарихимизнинг узоқ ва яқин даврлари, босқичлари, долзарб мавзулари, муаммолари ҳақида концептуал характердаги фикр ва ғоялар билдирилди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “«Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томорқачи» кўкрак нишонларини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА