25 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни сенаторлар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, олдида турган биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кўрилаётган чоралар натижасида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Биргина жорий йилнинг ўзида саноат 6,4 фоизга ўсди, экспорт ҳажми 18 фоизга, хорижий инвестициялар 46 фоизга ошди. Қиймати 3 миллиард долларлик 2,5 мингдан зиёд янги қувватлар ишга тушди.
Бироқ бугунги замон ривожланиши, дунёда юзага келаётган глобал муаммолар, янги уруш ўчоқлари ҳамда беқарорликни давом этиши ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни, тараққиёт суръатларига мос янги вазифаларни қўйишни талаб қилмоқда.
Хусусан, ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир қилувчи омиллар қайд этилди.
[gallery-24049]
Жумладан, вазирлик ва ҳокимликлар, уларнинг вилоят, туман даражасидаги бўғинларининг муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича иши етарли даражада самарадор эмаслиги таъкидланади. Кўпгина муаммолар вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослардаги мавжуд камчиликлар сабаб бўлмоқда.
Аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи, жумладан, сув таъминоти, туман ва маҳалладаги инфратузилма, озиқ-овқат хавфсизлиги, бандлик, камбағалликдан чиқариш, маҳаллий бюджет тушумларини ошириш, жиноятчиликни қисқартириш, йўл қурилиши, жамоат транспорти, шаҳарсозлик, “Яшил макон” лойиҳасини амалга ошириш, энергия таъминоти каби муҳим соҳалардаги бирламчи вазифалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, белгиланаётган вазифа ва топшириқларни самарали амалга ошириш учун янги ташкилий ва маъмурий ислоҳотлар бошлангани, мавжуд муаммолар, аҳоли томонидан кўтарилаётган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича янги тизим ишга туширилаётгани қайд этилди.
Сенаторлар Президент томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, жойларда аниқланган муаммоларни бартараф қилишда ҳудуд ва республикадаги масъулларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириб бориш лозимлиги қайд этилди.
Фуқаролар билан ишлаш тартибини янги даражага олиб чиқиш, мурожаатларни доимий таҳлил қилиш, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоли масалаларни Сенат мажлисларига олиб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, дастурлар, лойиҳаларнинг ижросини таъминлашда уларни қай даражада самарали бажарилгани, қандай натижа берганига асосий урғу бериш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашларнинг фаоллигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳокама якунида Олий Мажлис Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида бу борада турган биринчи даражали вазифалар юзасидан Сенатнинг қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлиги муҳити яратилгани, халқ манфаатлари ва сиёсий иродаси эркин билдирилиши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамлангани, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Ушбу қонун сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар фаолиятига оид 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш каби қўшимча ҳуқуқ берилмоқда.
Шунингдек, ушбу фракциянинг вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиши ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини оширишга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мухолифатнинг кафолатли ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Шунингдек, ялпи мажлисда “Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш юзасидан қонунчиликка янги нормалар киритилган. Бундан ташқари, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари амалиётга татбиқ қилинди.
Таҳлилларга кўра, 2022-2024 йиллар давомида суд қарорлари ижросига оид кўплаб ижро ҳужжатлари суд тартибида низолашаётганлиги ва давлат ижрочиси ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётганлиги сабабли ижро жараёнида муайян муаммолар вужудга келмоқда. Натижада қарздор ўзига нисбатан қўлланилган чекловлар сабабли ўз фаолиятини давом эттира олмаяпти.
Шу ўринда суд қарори қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнига кафолат маблағини киритиш институтини жорий этиш зарурати юзага келмоқда.
Бунда ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ижро иши юритишни тўхтатиб туриш, қарздорга ва унинг мол-мулкига нисбатан қўлланилган чекловларни бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд қарорлари ижросини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда корпоратив муносабатларни ривожлантириш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш бўйича самарали изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, сенаторлар қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг битимларига уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берди.
Бугунги кунда республика импортининг 32,3 фоизи эркин савдо режими ўрнатилган мамлакатлар, 61,4 фоизи энг кўп қулайлик бериш режими қўлланилаётган давлатлар ҳиссасига ва қолган 6,3 фоизи савдо режими белгиланмаган давлатлар ёки ишлаб чиқарган мамлакати аниқланмаган товарлар ҳисобига тўғри келади.
Хусусан, республикага импорт қилинаётган товарларнинг 95 фоизи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлардан, қолган 5 фоизи эса ушбу ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлардан олиб келинмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, мазкур қонун билан Божхона кодексига энг кўп қулайлик бериш режимига эга бўлмаган давлатлардан Ўзбекистонга келтирилаётган товарлар учун товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда импорт божини икки карра ошириб қўллаш амалиёти бекор қилинмоқда.
Шу билан бирга, Божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилгандан сўнг Давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган божхона тўловларининг муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилмоқда.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар билан миллий қонунчилик нормаларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш орқали ташқи савдони адолатли қоидалар асосида амалга оширишга, импорт ва экспорт кўламини кенгайтиришга эришилади.
Шунингдек, ушбу қонунда акциядорлик жамиятлари ижро органлари ҳамда кузатув кенгашлари аъзоларининг фидуциар мажбуриятларини, жамият мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш ҳисобига корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услуб ва механизмларини жорий этиш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.
Ялпи мажлис давомида қонун қизғин муҳокама қилиниб, унинг келгусида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши ҳақида фикрлар билдирилди.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг 8-ялпи мажлисида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун фуқаролар ва мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиши ҳамда чет эл фуқароларининг ва бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимизда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб этилиши билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.
Муҳокама жараёнида қонунни қайта кўриб чиқишни талаб этувчи бир қатор масалалар мавжудлиги таъкидланди.
Жумладан, айрим давлат органларининг мазкур соҳадаги ваколатларини сўнгги маъмурий ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, хорижга ишга юборувчи ташкилотларга Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда меҳнат шартларига риоя этилишини ўрганиш ҳуқуқини бериш муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, хорижга ишга юборувчи ташкилот томонидан мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, меҳнат мигрантини Ўзбекистонга қайтариш жараёни Агентлик томонидан амалга оширилиши ва харажатларни юборувчи ташкилот маблағлари ҳисобидан қоплаш механизмини қонунда мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш асосларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, тасдиқнома учун ундириладиган йиғим миқдори юзасидан аниқ ҳуқуқий механизмларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, қонунни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек, соҳада фаолият олиб бораётган субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Уруғчилик тўғрисида”ги ва “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунларга Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилганлиги муносабати билан амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш юзасидан таҳририй ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўзининг ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектларнинг, иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга берилган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аграр соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги хабардорлик даражасини ошириш, яратилган интеллектуал фаолият натижаларини муҳофаза қилиш жараёнларини рақамлаштириш орқали ортиқча талабларни бекор қилиш ҳамда интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ишончли тарзда муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улар интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, айрим интеллектуал мулк объектларини экспертиза қилиш муддатларини қисқартириш, рўйхатдан ўтказиш жараёнларида ортиқча ҳужжатлардан воз кечиш каби масалаларни ўз ичига олган.
Бундан ташқари, патент божларини тўлашда қўшимча қулайликлар жорий этиш ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришга кўра электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни рўйхатдан ўтказиш учун талабнома келиб тушганидан сўнг керакли ҳужжатларнинг бор-йўқлиги ва қоидаларнинг талабларига қанчалик мувофиқлиги юзасидан ўтказиладиган текшириш муддати ўн кун этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, саноат мулки объектларини рўйхатга олишда патентни тасдиқлаш тартиби енгиллаштирилмоқда. Бунда саноат мулки объекти рўйхатга олинганда патент талабнома берувчига автоматик тарзда электрон тизим орқали юборилади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ва инновацион жиҳатдан юксалишига самарали таъсир кўрсатувчи интеллектуал мулк тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, мазкур ҳужжат жамиятда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга ҳамда интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам қаратилгандир.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати