Пойтахтимизда “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ҳамда мазкур туман прокурори Бобур Абдуллаев иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Битирувчи ёшларнинг мурожаат ва муаммоларини эшитиш, уларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда 100 га яқин ёшлар иштирок этди.

Мулоқот давомида ҳоким ва прокурор томонидан туманда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, таълим ва иш билан бандлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Ёшлар эса ўз бизнес ғоялари, стартап лойиҳалари ҳақида гапириб, уларни амалга оширишда кўмак сўради. Бу борада туман ҳокими мутасадди идораларга тегишли вазифаларни белгилаб, амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқлар берди.

Тадбир доирасида ёшларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан техник ва моддий ёрдам берилди.

Жумладан, 125-умумтаълим мактаби учун 190 миллион сўмлик компьютер жиҳозлари, 2-сонли спорт мактабининг спорт зали таъмири учун 300 миллион сўм, 214-сонли “Жасорат мактаби” синф хоналарини жиҳозлаш учун 500 миллион сўмлик сертификат топширилди ҳамда туман Ахборот-ресурс марказига 6 та компьютер жамланмаси тақдим этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, бу каби учрашувлар ёшларнинг давлат органларига ишончи ва фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир амалий қадам бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА