Бугун глобал геосиёсий майдонда халқаро ҳамкорликнинг янги моделлари шаклланиб бораётган бир пайтда юртимиз ўз ташқи сиёсатида ўзаро ишонч, дўстона қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатлари айни жараёндаги муҳим йўналишлардан биридир. Тарихий, маданий ва маънавий жиҳатдан яқин бу икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда фаол ривожланмоқда.
Маълумки, 24-25 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Олий даражадаги музокаралар чоғи қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Шу тариқа давлатимиз раҳбари томонидан дунёнинг етакчи давлатлари ва минтақаларига амалга оширилаётган қатор тарихий ташрифлар мажмуаси яна бир муҳим сиёсий воқеа билан бойиди, дейиш мумкин. Кўзда тутилган режа ва мақсадлар алоқаларни сезиларли даражада кучайтириш истагини ифодалайди.
ЎзА мухбири мазкур ташриф якунлари ва Мўғулистон билан стратегик ҳамкорлик истиқболи хусусида ТДШУ Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори Сайфиддин Жўраевнинг фикрлари билан қизиқди.
– Улан-Батор шаҳрида икки давлат етакчилари иштирокида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фаол мулоқот кечди. Қайд этиш жоиз, учрашувлар чоғи сиёсий дипломатик, савдо иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алмашинувни фаол давом эттириш эътибор марказида бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух томонидан Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилиниши ташрифнинг марказий нуқтаси бўлди.
Айтиш ўринли, давлат раҳбарлари ҳузурида имзоланган 5 муҳим ҳужжат ўзаро алоқаларнинг янги босқичида икки юрт учун истиқболли ва муҳим аҳамиятга эга ўзаро манфаатли муносабатлар бошланганини тасдиқлайди. Ҳар икки давлат манфаатига асосланган ва тобора ривожланиб бораётган савдо иқтисодий, инвестициявий, саоноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, фойдали қазилма конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириб, замон талаби даражасига олиб чиқади, янги механизмларни шаклантиради ва мустаҳкамлайди.
Мазкур тарихий ташриф Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Мўғулистон Давлат Буюк Хуралида фаолият юритаётган парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаоллигини ошириш орқали самарали мулоқотни такомиллаштиришга кўмаклашади.
Муносабатлар самарадорлигини оширишда идоралараро ҳамкорлик механизми фаолиятини таъминлаш, сиёсий маслаҳатлашув орқали икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги масалалар бўйича ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ёндашувларни мувофиқлаштириш, кун тартибидаги турли соҳаларга оид ҳамкорликни кенгайтириш учун барқарор ташкилий ҳуқуқий асосни шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, ўзаро муносабатларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги стратегик манфаатларга асосланган ҳамкорлик қирралари чуқур ҳурмат ва тарихий маданий яқинликка асослангани кузатилди. Умуман, кенг қамровли шериклик тарихий дўстлик риштасини мустаҳкамлаб, ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз.
Кўплаб ривожланган хорижий давлатлар ва минтақаларнинг муҳим географик ва иқтисодий мавқега эга Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётгани барчамизга маълум. Шу маънода Мўғулистон ҳам Ўзбекистонга муҳим савдо-иқтисодий шерик сифатида қарайди. Диёримиз учун ҳам Мўғулистон Шимоли-шарқий Осиё билан сиёсий-иқтисодий алоқани кенгайтиришда муҳим ҳамкор ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги сиёсий ирода, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқалар кенг қамровли ҳамкорликни Марказий ва Шарқий Осиёда барқарор ва ўзаро манфаатли тараққиётнинг асосий чизиғига айлантириш учун зарур шарт-шароит, имконият яратади.
Ўткир Алимов ёзиб олди. ЎзА