Мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш юзасидан қонунчиликка янги нормалар киритилди. Бундан ташқари, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари амалиётга татбиқ қилинди.

Таҳлилларга кўра, 2022-2024 йиллар давомида суд қарорлари ижросига оид кўплаб ижро ҳужжатлари суд тартибида низолашаётгани ва давлат ижрочиси ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётгани сабабли ижро жараёнида муайян муаммолар вужудга келмоқда. Натижада қарздор ўзига нисбатан қўлланилган чекловлар сабабли ўз фаолиятини давом эттира олмаяпти.
Суд қарори қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнига кафолат маблағини киритиш институтини жорий этиш зарурати юзага келмоқда.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун юқоридаги муаммоларга барҳам беришга қаратилган.
Қонунда ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ижро иши юритишни тўхтатиб туриш, қарздорга ва унинг мол-мулкига нисбатан қўлланилган чекловларни бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд қарорлари ижросини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА