Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлиги муҳити яратилиб, халқ манфаатлари ва сиёсий иродаси эркин билдирилиши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда. Сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Бу фикрлар Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.

Қонун сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар фаолиятига оид 5 қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш каби қўшимча ҳуқуқ берилмоқда.

Ушбу фракциянинг вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиши ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини оширишга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мухолифатнинг кафолатли ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА