Америка Қўшма Штатларида футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида сўнгги тур учрашувлари ўтказилмоқда. Мазкур босқичнинг “C” ва “D” гуруҳи баҳслари кутилмаган натижа билан якунланди.
Жумладан, “C” гуруҳидан ўрин олган “Бавария” ва “Бенфика” баҳси 0:1 ҳисобида якунланган бўлса, “Окленд Сити” ва “Бока Хуниорс” жамоалари 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Мазкур натижадан сўнг, “Бенфика” 7 очко билан биринчи ўриндан жой олди. “Бавария” эса 6 очко жамғариб, иккинчи ўринни эгалади. Ушбу жамоалар қайд этган натижаси орқали 1/8 финал босқичига йўл олди. “Бока Хуниорс” 2, “Окленд Сити” эса 1 очко билан гуруҳда қолиб кетди.

“D” гуруҳида “Фламенго” “Лос-Анжелес”га қарши ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва очколарини 7 тага етказиб, гуруҳдан биринчи ўринни эгаллаган ҳолда кейинги босқичга ўтди. “Челси” эса “Эсперанс”ни 3:0 ҳисобида таслим этиб, 6 очко билан иккинчи ўрин соҳиби сифатида чемпионатдаги иштирокини давом эттирадиган бўлди. “Эсперанс” 3, “Лос-Анжелес” 1 очко тўплаган ҳолда мусобақа билан хайрлашди.

1/8 финалда қуйидаги баҳслар бўлиб ўтади:
28 июнь куни: “Палмейрас” – “Ботафого”;
29 июнь куни: “Интер Майами” – “ПСЖ”, “Челси” – “Бенфика”;
30 июнь куни: “Бавария” – “Фламенго”.
Жаҳон чемпионатининг “F” ва “E” гуруҳларида учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда 26 июнь куни соат 00:01да “F” гуруҳида “Флуминенсе” - “Мамелоди Сандаунз”, “Боруссия Дортмунд” - “Ульсан” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Шу куни “E” гуруҳида ҳам баҳслар бўлиб ўтади. Жумладан, ушбу гуруҳ пешқадамлиги учун ўтадиган “Интер” ва “Ривер Плейт” жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳамюртимиз Ильгиз Танташев бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради. Гуруҳдаги иккинчи ўйин эса "Урава Ред Даймондс" ва "Монтеррей" ўртасида ўтади.
Дарвоқе, ушбу икки гуруҳда 1-2 ўринни эгаллаган жамоалар 1/8 финалда ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА