Исроил ва Америка Қўшма Штатлари Эрон билан кучайиб бораётган можарога киришаркан, Ғарб раҳбарлари Ироқ урушидаги жуда таниш лаҳзаларни илғамоқда.
"Бугун бизда хавфли ва тажовузкор тузумни йўқ қилиш орқали мамлакатни озод қилиш учун кенгроқ имконият бор. Янги тактика ва аниқ қурол билан тинч аҳолига зўравонлик қилмасдан ҳарбий мақсадга эришишимиз мумкин".
Куни кеча АҚШнинг Эронга зарбасидан кейин янграгандек туюлиши мумкин бўлган бу сўзларни, аслида, Президент Жорж Буш 2003 йил 1 май куни Ироқдаги йирик жанговар амалиёт якунланиши муносабати билан Авраам Линкольн саҳнида туриб айтган.
Дунё етакчилари жуда таниш тил ва оҳангдан фойдаланиб, йигирма йилдан кўпроқ вақт аввалги бошқа уруш арафасидаги воқеаларни бугунги кун билан қиёсламоқда.

Исроил ва Қўшма Штатлар ҳарбий ҳаракат Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришни тўхтатишига қаратилганини такрорламоқда. Эрон, ўз навбатида, ядровий дастурдан тинч ва фуқаролик мақсади кўзланганини таъкидлайди.
Ўттиз йилдан ошдики, Исроил бир иддаони илгари суради: Эрон ядро қуролини яратиш ёқасида. 2002 йил бу давлат АҚШ Конгрессини Ироққа бостириб киришга чақириб, Бағдод оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаётганини даъво қилган. Ўшанда, аниқроғи 2003 йил Америка Ироққа қўшин киритган, бироқ шубҳали қурол топилмаган.
Америка ва Исроил расмийларининг сўнгги жавобсиз саволлари тўлқини Эроннинг тахминий ядровий интилиши ва ракета имконияти билан чекланмаяпти. Яъни, вазият Қўшма Штатлар минтақада узоқ ва баҳсли тарихга эга режимни ўзгартириш хоҳишига тобора кўпроқ ишора қилмоқда.
АҚШ ва “маъқул коалиция” олиб борган уруш Ироқни вайронага айлантирган. Ўша урушда юз минглаб ироқлик, 4500 га яқин америкалик аскар ҳалок бўлган, мазҳаблараро можаро чуқурлашиши туфайли мамлакатда беқарор вазият юзага келган.
Ортга назар ташласак, навбатдаги босқинга йўл очган ҳолат кишини безовта қиладиган даражада таниш туюлади. Бинобарин, АҚШ Буюк Британия билан бирга уруш давом этаётган бир пайт Ироқда оммавий қурол борлигига дунёни ишонтиришга ҳаракат қилган.
М.Пирматова, ЎзА