Хитойдан хабарлар
Шинжоннинг Чангжи шаҳрида уруғчилик билан шуғулланувчи “Цзюшен Хэ” компанияси бўлиб, у Ўзбекистонга хам пахта уруғи етказиб бермоқда.


Корхона 2003 йилда ташкил этилган, ғалла, маккажўхори, пахта ва сабзавотнинг янги навларини танлаш, уруғлик етиштириш ва уларни бозорга чиқариш билан шуғулланувчи агросаноат мажмуасида етакчи миллий корхона ҳисобланади. Компаниянинг умумий активлари 2,17 миллиард юанни ташкил этади ва 2023 йилда унинг даромади 870 миллион юанга етди. Уруғлик сотиш бўйича компания Хитойда 9-ўринни эгаллайди, буғдой уруғи сотиш бўйича 4-ўринда ва пахта чигити бўйича 5-ўринда.

Компания учта асосий тизимни яратди: "йирик тадқиқот", "йирик ишлаб чиқариш" ва "катта бозор". Бу эса ўзига хос бизнес моделидир.
Компанияда 140 нафар илмий ходим (14 та фан доктори, профессор ва 40 та фалсафа доктори) ишлайди. Мамлакат бўйлаб 15 та асосий синов станцияси ва 214 та синов пункти ташкил этилган. 50 000 дан ортиқ наслчилик материали намуналари мавжуд, 300 дан ортиқ янги навлар яратилди ҳамда янги ўсимлик навлари учун 120 дан ортиқ патентлар олинди. Тадқиқотга йиллик даромаднинг 10 фоизи 80 миллион юан сарфланади.

Компания Хитойнинг иқлим шароити турлича бўлган ҳудудларида 50 000 гектар барқарор уруғчилик майдони, 16 та автоматлаштирилган линияга эга. Йиллик қуввати 300 000 тонна бўлган 11 та замонавий уруғлик заводи бор. 2024 йилда пахта чигитини қайта ишлаш бўйича замонавий технология парки фойдаланишга топширилди.

Шижонда ишлаб чиқарилган уруғ 20 дан ортиқ ихтисослаштирилган бозорда савдога қўйилган. Компанияда яратилган пахта, ғалла навлари бир неча бор ҳосилдорлик рекордини ўрнатган.


–Биз Ўзбекистондаги Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда ҳосилдор ва қуруқ иқлимга мос пахта уруғи яратиш лойиҳасини амалга оширяпмиз, – дейди “Цзюшен Хэ” холдинг компанияси бош менежери Сун Минг. – 2025 йил ҳосили учун дастлабки пахта уруғлари Ўзбекистон далаларига экилди. Ҳосилдорлик аввало уруғ сифатига боғлиқ, ишончим комил, ўзбек фермерлари буни амалда албатта кўрадилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА