Дунёнинг энг нуфузли "Times Higher Education" рейтинг агентлигининг “"Impact Ranking – 2025” натижаларига кўра, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети мазкур рейтингда дунёнинг ТОП-600 олий таълим муассасалари қаторидан жой олди.
2024 йилда университет ушбу рейтингда илк бор ТОП-1000 университетлар қаторига киритилган эди. Маълумотларга кўра, жорий йилда рейтингда дунёнинг 130 мамлакатидан 2526 университет иштирок этган.


Университет илмий-педагогик жамоаси билан ўтказилган учрашувда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев юртимиздаги энг қадимий олий таълим муассасаси жамоасини ушбу муваффақият билан табриклади.

Учрашувда университет фаолияти, кейинги йиллардаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тақдимотлар қилинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ва инновацион лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик, кадрлар тайёрлашдаги янгича ёндашувлар эътироф этилди.

Тадбирда Самарқанд давлат университети, шунингдек, тоза сув ва санитария, қуруқликдаги экотизимларни асраш йўналишларида дунёнинг ТОП-100 университетлари рўйхатига ҳам киритилгани таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари