Солиқ тўлаш – Конституциявий бурч

Мамлакатимизда давлат солиқ сиёсати ва бюджетини шакллантириш, бу орқали молиявий имкониятлар яратиш, иқтисодий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳоли фаолияти ва фаровонлиги учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Аслида солиқларга – мол-мулк ёки даромаддан ажратиладиган чиқим эмас, юрт тараққиётига бефарқ бўлмаган фидойиларнинг ҳисса қўшиши сифатида қаралиши айни муҳимдир.
Бир ўйлаб кўрайлик, қисқа давр ичида юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, йўлларнинг равон бўлиб бораётгани, аҳолига ажратилаётган пенсия ва бошқа муҳтожларга берилаётган маблағларнинг аксарияти айнан солиқ тўлашни бурч деб билган фуқароларнинг тўловлари эвазига бўлмаяптими?!
Ақл билан ўйлаб қаралса, солиқ тўловчиларнинг чўнтагидан чиқаётган маблағлар, аввало, ўз йўлларини ёритиш билан бирга, узоқ ва яқин қариндошларига кўмаклашишга асос бўлмоқда. Аммо кўп ҳолларда буни тушунишдан кўра, турли важлар ва йўллар билан бирдамликка чорловчи бурчдан қочишга, четлаб ўтишга уринишлар бўлади.
Шу ўринда маълумотга таяниб айтадиган бўлсак, ўтган беш ойда мамлакатимизда саноат 6,4 фоизга ўсиб, экспорт 18 фоизга, хорижий инвестициялар 46 фоизга ошди. Шу билан бирга қиймати 3 миллиард долларлик 2,5 мингдан зиёд янги қувватлар ишга тушди, 2 миллион 400 минг одам даромадли бўлди. Бу кўрсаткичларга осонлик билан эришилмаган албатта. Натижаларни теран англаган шахс фақатгина бир фикрни ўзида уйғотса, адолатдан бўлади: эришилаётган ютуқларга юрт фуқароси сифатида қанчалик ҳисса қўша олаяпмиз?!
Куни кеча ютимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари вазирлик ва ҳокимликлар ишидаги муаммоларни ва бошқа ташкилотлардаги натижаларни таҳлил қилиш жараёнида маҳаллада ер, мол-мулк, сув солиқларини ундиришнинг янги механизми ишлаб чиқилишига алоҳида тўхталиб ўтди.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, бу соҳада йил бошидан ҳудудларда бюджетга тушум 26 фоизга ўсган. Лекин Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда ўсиш республика бўйича ўртача кўрсаткичга ҳам чиқмаган. Ер, мол-мулк ва сув солиқлари маҳаллий бюджетда қолдирилмоқда. Шу солиқларни уйма-уй юриб ундиришга солиқчиларнинг 70-80 фоиз вақти сарфланмоқда.
Видеоселекторда Президентимиз ҳолатни таҳлил қилар экан, ”Бу бир сўм солиқ йиғиш учун икки сўм ресурс сарфлаш билан баробар эмасми? Аслида, Солиқ қўмитаси раҳбарияти, вилоят, туман солиқ раҳбарлари телевидение, газета, ижтимоий тармоқларда чиқиб, солиқ тўлаш мажбурият эмас, конституциявий бурч эканини тушунтирса, солиқларни одамларни ўзи тўлаб қўядику! Агар маҳалладаги солиқчи бунга кетган вақтини солиқ базасини кенгайтиришга сарфласа, тушум карра-карра ошади”, дея таъкидлади.
Мана шу ўринда давлатимиз раҳбарининг халқимизга ўзгача ва юқори ишонч билан баҳо бериши эътиборни тортади. Дарҳақиқат, солиқ тўлаш мажбурият эмас, бу – Конституциявий бурч. Айнан шуни англатиш орқалигина одамларнинг ўзи солиқ тўлашга рағбат кўрсатишига ишонч билдирди Президент.
Онага яхшилик қилган фарзанднинг оқибати бехайр бўлиши мумкинми ёки опа-сингил, ака ука, борингки, маҳаллага нафи теккан инсон халқ назаридан бебаҳра қолиши мумкинми? Шу маънода солиқ тўловчи аслида мана шундай эзгу амал учун бирдам ва бардам бўлиб она юртга қўшаётган ҳиссаси беиз ва бежиз кетмайди. Бу эса юртга камарбасталикдан нишонадир.
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё – инсон ниятга қараб имконият топаверади. Мақсадни эзгу қилиб қаддини уриб, даромад топаётганлар, эл корига яраётганлар бисёр. Шу билан бирга, солиқ тўловидан қочиб барака топаман, деган инсонлар йўқ, дейсизми орамизда? Дўконидан маҳсулот сотиб олган харидорга терминал аппарати ишламаслигини важ қилиб, маҳсулот пулини картага ўтказиб олишга уринаётганларга ҳам кўзингиз тушганда юқоридаги ҳикматнинг давоми келади хаёлингизга – Иллат излаганга иллатдир дунё!
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази раиси.
ЎзА