Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 624-сонли қарорига асосан, белгиланган шартлар бажарилганда бильярд клублари туну кун фаолият юритиши мумкин.
Бу ҳақда Ўзбекистон бильярд федерацияси хусусий бильярд клублари эгалари томонидан тунги вақтда фаолият юритиш имконияти бўйича мурожаатлар келиб тушаётгани бўйича расмий муносабат билдирди.
Муносабатда келтирилишича, тунги вақтда фаолият кўрсатадиган бильярд клублари 30 кунлик архивни сақлаш мажбурияти билан ички ва ташқи видеокузатув тизимига эга бўлмоғи керак. Бильярд клублари атрофини камида 10 метр масофада ёритиш, тинчлик ва шовқин меъёрларига амал қилиш, тиббий ёрдам қутичалари билан таъминланганлик, эвакуация режаси ва фавқулодда хизматлар рақамлари кўрсатилган схемалар мавжудлигига риоя этилиши лозим бўлади.
Бундан ташқари, белгиланган қонун меъёрлари асосида тунги фаолият учун ички ишлар органларига тегишли талабларни бажарганлик тўғрисида хабарнома тақдим этиш ва рухсатнома олиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Т.Рўзиев, ЎзА