Бизнесни ривожлантириш банки томонидан Тошкент вилоятида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турнинг дастлабки манзили замонавий технологиялар асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган Янгийўл банк хизматлари маркази бўлди. Бу ерда мижозларга кўрсатилаётган тезкор ва сифатли банк хизматларига гувоҳ бўлдик.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида Бизнесни ривожлантириш банкининг фаол жисмоний шахс мижозлари сони 68 минг 636 нафарни ташкил этади. Микро, кичик ва ўрта бизнес субъектлари бўлган мижозлар сони эса 4 минг 851 нафарни ташкил этади.
Ташкил этилган пресс-турда уларнинг айримлари фаолияти билан бевосита танишиш имконияти юзага келди. Хусусан, пресс-тур дастурига мувофиқ “Томорқа мактаби” ва “Янгийўл – Агростар” ихтисослашган компаниясида бўлдик. Мазкур компания помидор, булғор қалампири ва кўкатларга ихтисослашган.
Танишув давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар олдик.
Мазкур мактабда томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларининг ҳар бир гуруҳи учун ҳафтада 4 кун ўқув машғулотлари ташкил этилади. Машғулотлар тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Хусусан, “Янгийўл – Агростар” компаниясига туркиялик малакали, олий тоифали агроном Ченгиз Ялчин жалб этилиб, ушбу малакали мутахассис ҳам ер эгаларига ўзининг амалий билимларини беради. Шунингдек, франциялик мутахассис, “Experto consulting” компанияси эксперти Станислав Энрион билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. У ўрганишларидан келиб чиқиб, ихтисослашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ривожлантириш бўйича тавсияларини бериб боради. Йил якунига қадар 600 га яқин томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларини ўқитиш режа қилинган.
Бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети, Сабзавотчилик ва тупроқшунослик илмий текшириш институти ҳамда “АГРОЛАБ” илмий-текшириш лабораториялари билан келишувларга эришилган. Энг муҳими, машғулотлар назарий, амалий ва кўчма тарзда ташкил этилади.
Бундан ташқари, “Томорқа мактаби” тингловчилари агробизнес сектори учун зарур бўлган лаборатория таҳлили хизматларини тақдим этиш учун мўлжалланган “АГРОЛАБ ЎҲҚМ” МЧЖ синов лабораториясида 3 кун давомида олинган назарий билимларини мустаҳкамлаб, тупроқ, сув ва мева-сабзавотларнинг таркиби, таҳлили, экспорт қилинадиган маҳсулотларга олинадиган сертификат учун қўйилган талаблар билан танишиш имкониятига эга бўлади.
[gallery-24019]
Бугунги кунга қадар "Томорқа мактаби"да 80 га яқин томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари ўқитилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 600 тага етказиш режа қилинган.
Кейинги манзил Янгийўл шаҳридаги "WELLTEX" текстиль корхонаси ҳамда дон ва ун маҳсулотларини қайта ишловчи “MRFLOUR” заводи бўлди. Ҳозирда корхона маҳсулотлари Афғонистонга экспорт қилинади.
– Умумий лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди “MRFLOUR” заводи таъсисчиси Ғофур Усмонов. – Корхона томонидан яқинда 60 миллион сўмлик экспорт амалга оширилди. Йил якунига қадар 3-4 миллион долларлик экспортни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Асосан буғдойни Қозоғистондан импорт қиламиз. Қозоғистонда сентябрь ойида буғдой арзон бўлади. Февраль ойида нархлар 30 фоизгача кўтарилади. Шу сабабли буғдой арзон вақтида қўшимча дон захирасини яратиш, корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш ва замонавий технологияларни олиб келиш мақсадида Бизнесни ривожлантириш банкидан 6 миллиард сўм имтиёзли кредит оляпмиз.
Пресс-тур давомида "WELLTEX" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдик.
– Корхонамиз 2022 йилда ишга тушган, – дейди "WELLTEX" МЧЖ иш бошқарувчиси Насиба Султонова. — Корхона йиллик 1 млн.дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бу 800 млн. сўм даромад ёки бюджетга қўшимча 207,4 млн. сўм маблағ деганидир. Бу ерда асосан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Мазкур текстиль корхонамизда икки сменада иш ташкил этилган. Бугунги кунда корхонамизда Янгийўл шаҳридан 50 нафарга яқин хотин-қиз доимий иш ўринлари билан таъминланган. Корхонанинг маҳсулотлари Қозоғистон, Россия мамлакатларига экспорт қилинади.
Ҳасан Мамарасулов Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар Шодлик маҳалласига маҳалла банкири сифатида бириктирилган. Ишни ҳудудларни ўрганиб, белгиланган кўрсаткичлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга кредит ажратиш орқали уларни қўллаб-қувватлашдан бошлаган.
— Ўзим масъул бўлган маҳаллаларни айланиб, хонадонларни битталаб ўрганяпман, — дейди Ҳасан Мамарасулов. — Одамларнинг эҳтиёжи, талаби, имкониятларини аниқлаштириб оляпмиз. Шу асосда ишлар ташкил этилади. Чунки олдимизда иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларни камбағалликдан чиқариш вазифаси турибди. Бугунги кунда ҳар бир маҳалладан тадбиркор бўлиш истагидаги фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг бизнес-режалари билан танишиб, 60 миллион сўмгача кредит ажратяпмиз.
Хусусан, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар “Янгиобод” МФЙда жойлашган “PANDA MANTI” МЧЖ умумий овқатланиш шохобчаси масъули ҳам ушбу имкониятдан фойдаланди.
Ушбу умумий овқатланиш шохобчасига замонавий асбоб-ускуна сотиб олиш мақсадида Бизнесни ривожлантириш банкидан 60 млн.сўм кредит олиб, ошхона фаолиятини кенгайтирган.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида ана шундай мақсадларга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг молиявий манбалари ҳам яратиб берилмоқда.
Хусусан, жорий йил бошиданоқ давлатимиз раҳбари топшириғи билан юртимиздаги тижорат банкларига “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида 1 миллиард доллар кредит маблағлари ажратилди. Қолаверса, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича банклар томонидан 300 миллион сўм миқдоридаги шартсиз кредитлар бериш бошланади.
Хусусан, Тошкент вилоятида Бизнесни ривожлантириш банкига 67 та маҳалла бириктирилган. Ушбу маҳаллаларда 24 та маҳалла банкири ва 67 нафар маҳалла агентлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалла банкири ва агентлари томонидан 13 минг 984 та микролойиҳалар амалга оширилиб, уларга 329,9 млрд.сўм кредит ажратилган.
Мазкур маблағларни тўғри ва тартибли йўналтириш ҳам муҳим масала. Аҳолига кредит олишдан олдин ундан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатиш, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш зарур. Бу борада маҳалла банкирлари яқин кўмакчига айланди. Мазкур тизим аҳоли манфаатларини самарали қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни оширишнинг янги босчиқини бошлаб берди. Зеро, айнан Бизнесни ривожлантириш банкининг маҳалла банкирлари ва агентлари фаолияти натижасида ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан биргина Тошкент вилоятида 28 минг 629 та иш ўрни яратилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА