БМТ шартномавий органларига муқобил ҳисоботлар тайёрлашнинг ўзига яраша талаблари бор. Тегишли соҳа вакиллари бу талабларни яхши билиши мақсадга мувофиқ.
Шу мақсадда Тошкентда ташкил этилган семинар-тренингда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи давлат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари тизимида миллий институтлар ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кучайтиришдир. Шу билан бирга, давлат ҳисобдорлигини ошириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муқобил ҳисоботларни самарали тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат.
[gallery-24005]
Тадбирнинг очилишида Омбудсман Феруза Эшматова ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен иштирок этди.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қуйи қўмитаси аъзоси ва халқаро эксперт Элина Стейнерте (Буюк Британия), инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мутахассис Азамат Шамбулов (Испания) иштирокчиларга интерактив усулда назарий ва амалий тавсияларни бермоқда.
2024 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Омбудсманга Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлаш ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш ҳуқуқи берилган. Ушбу маърузалар фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
Тренинг дастури доирасида БМТнинг CAT ва CERD каби шартномавий органлари билан самарали ҳамкорлик қилиш, мавжуд халқаро тавсияларни таҳлил қилиш ва далилларга асосланган муқобил ҳисобот тайёрлаш усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Семинар 2025 йил 25 июнга қадар давом этади.
Н.Абдураимова, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА