Малайзия Ўзбекистон билан ўзаро товар айирбошлаш салоҳияти ошишига умид қилмоқда, чунки ҳар икки давлат иқтисодиёт, туризм ва яшил технологиялар каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Малайзиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Туа Бин Иллиас “Bernama” ва “RTM” нашрларига берган интервьюсида маълум қилди.
2024 йилда Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 80,9 миллион АҚШ долларига етиб, диёримиз ушбу ўлканинг Марказий Осиёдаги иккинчи йирик савдо ҳамкорига айланди.
Малайзиядан мамлакатимизга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотларга пальма ёғи, қаҳва, пальма асосидаги олеокимёвий маҳсулотлар, маргарин, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнғоқ ёғи киради, Ўзбекистондан эса асосан ўғитлар, мева ва тўқимачилик маҳсулотлари импорт қилинади.
Дипломатнинг таъкидлашича, Малайзия пальма ёғига 5,0 фоизлик солиқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан қайта кўриб чиқилмоқда. Имтиёзнинг давом этиши Малайзия экспортини сезиларли даражада ошириши мумкин.
– Умид қиламизки, бу қадам ўзбекистонлик харидорларни ўз таъминотини Малайзиядан олишда давом этишга ундайди. Ўзаро манфаатли ечим топишда ҳар икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасидаги музокаралар муҳим деб ҳисоблаймиз, - дея қўшимча қилди элчи.
Шунингдек, у ўтган йили Малайзияга 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик сайёҳ ташриф буюргани ва бунга ҳаво алоқалари, жумладан, “Batik Air” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг тўғридан-тўғри рейслари сабаб бўлганига эътибор қаратди.
– Бу ҳолат нафақат сайёҳлар, балки ўзбекистонлик талабалар учун ҳам фойдалидир, - дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, Илҳом Туа Бин Иллиас малайзияликларнинг Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
– Фуқароларимизнинг кўпчилиги Самарқанддаги ҳозирда қайта таъмирланаётган Имом Ал Бухорий мақбарасини зиёрат қилишни исташади. Ўйлайманки, мажмуа тўлиқ битказилгач, у малайзияликларнинг севимли масканига айланади, - деди у.
Элчи ўз интервьюсида Ўзбекистонда Малайзиянинг ҳалол сертификатига катта қизиқиш борлигига эътибор қаратиб, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти ҳалол сертификати бўйича саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли органлари билан ўзаро англашув меморандуми имзолаганини қўшимча қилди.
Савдо ва инвестициялар ўртасидаги қулайликларга кўмаклашиш учун иккала давлат ҳозирда имтиёзли савдо битимини (PTA) яратиш имкониятларини ўрганмоқда.
Илҳом Туанинг айтишича, бундай асос билан Малайзия ярим тайёр маҳсулотларни Европа Иттифоқи ва Евроосиё бозорларига чиқиш имкониятига эга Ўзбекистонга якуний қайта ишлаш учун юбориши мумкин.
– Бу ҳар икки томон учун ҳам манфаатли саналади. Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги имтиёзли савдо келишуви яқин истиқболда катта натижаларни бериши мумкин, - дея қўшимча қилди у.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА