2025 йил 17 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
– Мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Бироқ, суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган илғор халқаро тажриба ва амалиёт таҳлили тизимда ўзгаришлар амалга ошириш эҳтиёжи мавжудлигини кўрсатди. Ўрганишлар натижасида Мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талаблари ва жаҳон тенденцияларига тўлиқ жавоб бермаётгани маълум бўлди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали одил судлов самарадорлигини таъминлаш назарда тутилган.

Шу мақсадда қабул қилинган янги қонунда ижро ишларини такомиллаштиришга қаратилган янги нормалар қонунчиликка киритилди. Қонунга кўра, ижро ҳужжатини шакллантириш чоғида ижро ҳужжатига ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ёки ундирувчи юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами мажбурий киритилади.
Суд ҳужжатларига асосан берилган ижро ҳужжатлари тарафларга электрон шаклда тақдим этилиши ҳамда юборилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам қонунчиликдан жой олди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга фуқароларнинг қарздорликлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланишини, шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш чоғида давлат ижрочилари томонидан мобиль видеокузатув воситаларидан фойдаланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Айтиб ўтиш керакки, 2023 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 129 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, биргина ишга тиклаш ҳақидаги ижро ҳужжатлари таҳлил қилинганда, 2022 йилда 1 минг 632 ижро ҳужжатидан 1 минг 12 таси, 2023 йилда жами 1 минг 622 ижро ҳужжатидан 894 таси ижроси мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган ҳолда таъминланган.
Аслида ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар таъминланиши керак. Ижро ҳужжати ижросини таъминламаган давлат органи, ташкилот ёки мансабдор шахслари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-2-моддаси билан тегишли жавобгарликка тортилиши лозим.
Шу боис, давлат органи, ташкилот ёки унинг мансабдор шахслари томонидан ижро ҳужжати ижроси таъминламагани учун жавобгарлик кучайтирилди. Илгари ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинган бўлса, эндиликда жарима миқдори БҲМнинг йигирма бараваригача оширилди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва ундирувчи юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақамини ижро ҳужжатида кўрсатиш зарурлиги киритилди. 221-моддасига ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар ижро ишини юритишда иштирок этувчи жисмоний шахсларга уларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали, шунингдек, юридик шахсларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.
Қарздор жисмоний шахсларнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув қаратилиши лозим бўлган пул маблағлари миқдорини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги пул маблағлари инобатга олинади. Бу миқдорга ундирув қаратилмайди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун мажбуриятлар реестрини юритиш нормаси билан тўлдирилди. Мажбурий ижро бюроси ижро ҳужжатларига доир маълумотларни қамраб олган Мажбуриятлар реестрини юритади.
Ижро ҳужжатларига доир маълумотлар Мажбуриятлар реестрига автоматлаштирилган тизим орқали киритилади ва ўн йил давомида сақланади.
Қонун фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилини камайтириш, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун 2-моддаси 9-бандининг учинчи хатбошиси қонун кучга кирган кундан эътиборан икки ой ўтгач амалга киритилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА