Пойтахтимизда давом этаётган "UzChess Cup-2025" турнирининг кеча ўтказилган 4-тур ўйинларининг "Masters" гуруҳида 2 та ғалаба, 3 та дуранг, “Futures", "Challengers" гуруҳидаги курашларда 3 та ғалаба, 2 та дуранг натижалари қайд этилди.
Мукофот жамғармаси 105000 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг бевосита кучлилар гуруҳи саналган "Masters"даги натижаларга тўхталадиган бўлсак, Жавоҳир Синдоровнинг ФИДЕ рейтингида 2767 очко билан 7-ўринда бораётган Рамешбабу Праггнанандҳаага қарши қора доналарда ҳаракатланиши, ҳинд шахматчисининг айрим вазиятлардаги ноаниқ дона суриши ҳам Синдоровни мағлубиятдан сақлаб қола билмади. Оқ доналарда баҳс олиб борган Рамешбабу 45-юришда ғалабани нақд қилгани ойдинлашди.

Ушбу турда Нодирбек Абдусатторов ва ҳиндистонлик Аржун Эригаиси қарама-қаршилигидаги ўйин турнирнинг марказий ўйинларидан бири сифатида кутилганди, шундай ҳам бўлди. Энг узоқ ва шиддатли кечган баҳсда Абдусатторов ташаббусни ўз қўлига олишга ҳаракат қилган бўлса-да, Эригаисининг аниқ дона суришлари вазиятни дурангга олиб келди.

"UzChess Cup”нинг 2024 йилги ғолиби ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевнинг оқ доналарда эронлик Парҳам Мақсудлуга қарши ўтказган ўйини аввалида шахматчимизнинг устунликка эришиши кутилганди. Бироқ Ёкуббоевнинг кучли ҳаяжонга берилиши, вақт танглиги шароитида хатога йўл қўйиши эронлик шахматчининг фойдасига ишлади ҳамда унинг ғалабасини таъминлади.

Терма жамоамиз аъзоси Шамсиддин Воҳидов қора доналарда венгриялик Речард Раппорт билан рўбарў келиши ҳамюртимизнинг дуранг ёки ғалабага бўлган имкониятларини йўққа чиқараётгандек эди. Шундай мураккаб ҳолатда Воҳидов иродасини намойиш этиб, рақибига муроса йўлини кўрсатди.

"Challengers" гуруҳида Жаҳонгир Воҳидов қора доналарда Василий Иванчукни таслим этган бўлса, Муҳиддин Мадаминов қора доналарда грециялик Николас Теодороуга имкониятни бой бериб қўйди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова хитойлик Ма Кун, Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналарда швециялик Виталий Сивук билан бир очкони тенг бўлишиб олди.
Бугун, 23 июнь куни халқаро турнирнинг 5-турида Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Аравиндҳ Читҳамбарам билан, Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Эригаиси билан, Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Ричард Раппорт билан, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Ян Непомнящий билан куч синашади.

"Challengers" гуруҳида ўтадиган 5-тур учрашувида Муҳиддин Мадаминов ва Муҳаммадзоҳид Суяров рўбарў келса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда грециялик Николас Теодороудан Мадаминовнинг “аламини олишга” интилади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда иккинчи бор ташкил этилаётган мазкур нуфузли мусобақанинг барча гуруҳлардаги ғолиб ва совриндорлари 27 июнь куни аниқланади.
Т.Рўзиев, ЎзА