Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтаётган футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи учинчи тур учрашувлари арафасида турнирнинг марказий иштирокчилари ва кейинги босқичга йўл оладиган жамоалар тақдири тобора ойдинлашиб бормоқда.
“А” гуруҳида “Палмейрас” ҳамда “Интер Майами” жамоалари 4 тадан очко жамғарган ҳолда пешқадамликни бўлишиб турибди. 24 июнь куни соат 06:00 да бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи 3-тур учрашувларида мазкур жамоалар ўзаро тўқнаш келади. Ушбу баҳсда уларни дуранг ҳам кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин. “Порту” ва “Ал-Аҳли” жамоаларида эса 1 очкодан бор ва улар фақат ғалаба эвазига плей-офф масаласини ҳал этишлари мумкин.

“B” гуруҳида эса кутилмаган натижа қайд этилди. Бразилиянинг “Ботафого” жамоаси француз гранди “ПСЖ”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, 6 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди ва кейинги босқичга муддатидан аввал йўл олди. “ПСЖ” ва “Атлетико” эса 3 очкодан жамғарган ҳолда 2-3 ўринларни эгаллади. “Сиэтл Саундерс” эса икки учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, ҳалигача очко қўлга киритмаган.
Мусобақанинг 3-турини “Сиэтл Саундерс” – “ПСЖ” ҳамда “Атлетико” – “Ботафого” жамоалари ўртасидаги учрашув бошлаб беради. Мазкур баҳслар мамлакатимиз вақти билан соат 00:00да бошланади.
"Фламенго" 2-тур якунига кўра, 6 очко билан "D" гуруҳ пешқадами сифатида муддатидан олдин кейинги босқичга йўл олди. "Челси" ва "Эсперенс" 3 тадан очко билан 2–3-ўринларни бўлишмоқда. "Лос-Анжелес" эса 2 та мағлубиятдан сўнг сўнгги ўринга тушиб қолди. Бу гуруҳдаги сўнгги тур ўйинлари 25 июнь куни соат 06:00да ташкил этилади. Унда "Челси" – "Эсперенс", "Фламенго" – “Лос-Анжелес" клублари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.
Шу куни "C" гуруҳида ҳам 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Аниқроғи, соат 00:01да бошланадиган учрашувларда 6 очко билан гуруҳ пешқадамига айланган “Бавария”, ҳисобида 4 очко бўлган “Бенфика” клубини синовдан ўтказади. "Бока Хуниорс" (1 очко) эса гуруҳ аутсайдери "Окленд Сити"га қарши майдонга тушади.
Жаҳон чемпионатининг сўнгги тури олдидан "E" гуруҳида “Интер” ва "Ривер Плейт" жамоалари 4 очко билан еткачига айланиб олган. Бу жамоалар 26 июнь куни соат 06:00 да гуруҳ пешқадамлиги ва навбатдаги босқич йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашади. Бу учрашувнинг ўзбек футбол ихлосмандларига қизиқарли тарафи шундаки, ўйинни ҳамюртимиз Ильгиз Танташев бошқариб боради. Унга қанотларда, Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради. Гуруҳдаги иккинчи ўйин эса "Урава Ред Даймондс" ва "Монтеррей" ўртасида ўтади. Дарвоқе, мазкур баҳсда "Монтеррей" йирик ҳисобда зафар қучса, плей-оффга чиқиш имкониятини қўлга киритиши мумкин.
"F" гуруҳида айни дамдаги ҳолат қизиқарли бўлиб турибди. Сабаби, "Флуминенсе" ва "Боруссия Дортмунд" 4 очко билан 1-2 ўринда бораётган бўлса, "Мамелоди Сандаунз" 3 очко жамғариб, уларни таъқиб этмоқда. "Ульсан" эса ҳам очкосиз сўнгги ўринда бораётир. 26 июнь куни “Флуминенсе" ва"Мамелоди Сандаунз" жамоалари ўртасидаги баҳс кескин ва муросасиз ўтиши шубҳасиз. Ушбу клублар тўқнашуви ғолиби нимчорак финалга йўл олади ва "Боруссия Дортмунд" учун бу тур осон ўтиши кутилмоқда. Сабаби, улар гуруҳ аутсайдери "Ульсан" билан ўйин ўтказади ва бу баҳсда уларни ҳатто дуранг ҳам қаноатлантиради.

Ўзбекистон футбол мухлислари учун бу галги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати яна бир жиҳати билан қадрли. Аниқроғи, “G” гуруҳидан ўрин олган "Манчестер Сити" ва "Ал-Айн" жамоалари иштирокидаги беллашувда Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "шаҳарликлар" БАА клубини йирик - 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Қувонарлиси, ўйинни асосий таркибда бошлаган миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 61-дақиқага қадар ўйинни муваффақиятли ўтказди. “Sofascore” нашри Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатларига 7,2 баҳо қўйди.

Ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйинда "Ювентус" 4:1 ҳисобида "Видад" жамоасини енгди. Шу тариқа, “G” гуруҳида “Ювентус” ва “МС” 6 очко билан пешқадамлар сафидан жой олди. "Видад" ҳамда "Ал-Айн" очкосиз қолган ҳолда қуйи поғоналарда қолиб турнир билан эрта
хайрлашди. Энди бу гуруҳда 27 июнь куни учинчи тур ўйинлари шунчаки расмиятчилик учун ўтади. Унда фаворит ва аутсайдерлар ўзаро тўқнаш келади.

Чемпионатнинг “H” гуруҳидаги вазиятга назар ташласак, "Реал Мадрид" ва "РБ Зальцбург" 4 очко билан 1-2 поғонада бормоқда ва 27 июнь куни ушбу жамоалар 3-тур доирасида ўзаро куч синашади. "Ал-Ҳилол" эса 2 очко билан 3-ўринга мустаҳкам жойлашиб олди ва сўнгги ўйинини очкосиз бораётган "Пачука"га қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА