Эрон ҳукумати воситачилар орқали Исроил ва АҚШдан ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни сўради.
Бу ҳақда Яқин Шарқ ва Европа расмийларига таяниб The Wall Street Journal хабар берди. Расмийларнинг маълум қилишича, агар АҚШ Исроилнинг ҳужумларида иштирок этмаса, Эрон Вашингтон билан ядровий музокараларни қайта бошлашга тайёр. Эрон, шунингдек, Исроилга зўравонликни жиловлаш ҳар икки томон манфаатларига мос келишини билдирган.
Бироқ кейинроқ Эрон Исроилнинг ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатганини эълон қилди. Маълум қилинишича, Эрон ҳаво кучлари Исроилга қилган тунги ҳужум пайтида яҳудий давлати осмони устидан назоратни қўлга киритган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси янги биринчи авлод қуролларидан фойдаланган ҳолда муваффақиятли ҳужум амалга оширилганини маълум қилди.
Исроил ҳукумати Эрон билан кескинлик ортгани сабабли фуқароларига мамлакатдан чиқишни тақиқлади. Маълум қилинишича, ҳукумат ички авиакомпанияларга исроиллик йўловчиларни халқаро рейсларга қўймасликни буюрган. Бунга Эроннинг Исроил аэропортларига эҳтимолий ҳужуми хавфи сабаб бўлмоқда. Исроилнинг асосий халқаро дарвозаси бўлган Бен-Гурион аэропорти “кейинги огоҳлантиришгача” ёпилган.
Россия 17 июнга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга дронлар билан йирик зарба берди. Ҳодиса оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида 40 дан ортиқ одам жароҳатланган. Соломенский туманидаги иккита турар-жой биноси шикастланган, уларнинг камида биттасида ёнғин чиққан, иккинчисида эса бино конструкциялари вайрон бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидириш ишларини олиб бормоқда.
Эрон 19-июнь куни тонгда Исроилга 20 та ракета учирди, ҳужум оқибатида 40 га яқин исроиллик тан жароҳати олди. Маълум қилинишича, ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога Исроил бўйлаб янграган. Эроннинг баллистик ракеталаридан бири Исроил жанубидаги Беар Шева шаҳридаги Сорока касалхонасига зарба берган. Маҳаллий нашрлар ва оммавий ахборот воситалари бино шикастланганини кўрсатувчи шифохонадан олинган видеоларни эълон қилмоқда. Зарарнинг аниқ кўлами, қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.
АҚШ давлат департаменти элчихоналар ва консулликларга май ойи охирида тўхтатилган талабалар виза учрашувларини қайта тиклаш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди. Эндиликда элчихоналар талаба визаси учун ариза берувчиларни “АҚШ фуқароларига, маданият, ҳукумат ва муассасаларига душманлик муносабати бор ёки йўқлигини” текшириб кўради.
Эрон билан уруш Исроилга кунига юзлаб миллион долларга тушмоқда, бу эса яҳудий давлатининг узоқ муддатли жанговар ҳаракатлар олиб бориш қобилиятини сезиларли даражада чеклаши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Хабарга кўра, Исроил кунига 200 миллион долларгача маблағни ҳаво мудофаасига сарфламоқда. Ҳам зарба бериш, ҳам ракеталарни қайтариш учун ишлатиладиган ўқ-дорилар ва самолётлар ҳам харажатларни сезиларли даражада оширади. Ўсиб бораётган харажатлар Исроилни можарони тугатишга ундаши мумкин. Чунки вайрон бўлган биноларни тиклашнинг ўзи камида 400 миллион долларга тушиши кутилмоқда.
Бироқ яҳудий давлатининг урушга сарфлаётган маблағи бўйича прогнозлар турлича. Финанcиал Экспресс нашрининг ёзишича, авиазарбалар, парвоз вақтлари ва ўқ-дориларни ўз ичига олган ҳужум ҳаракатларининг ўзи тахминан 593 миллион долларга тушди.
Америка раҳбарияти яқин кунларда Эронга зарба бериш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб Блоомберг хабар берди.
Операция 21—22-июнь, дам олиш кунлари бўлиб ўтиши мумкин. Бир нечта федерал агентликларнинг юқори мартабали амалдорлари эҳтимолий ҳужумга тайёргарликни бошлаган. Бироқ вазият доимий равишда ўзгариб тургани сабабли қарорлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/h99716UIIoE" title="Isroil Eron bilan urushga qancha mablagʻ sarflayotgani ma’lum boʻldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА