Диёримизнинг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Ҳотамов икки давлат музейлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ушбу ўлканинг “Асрлар оша Ўмон тарихи музейи” директори Ал-Яқзан бин Абдуллоҳ Ал-Ҳарисий билан учрашди.
Ўзаро мулоқот чоғида мамлакатларимиз музейлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, маънавий меросларни ўрганиш, уни авлодларга етказиш ва тадқиқ қилиш муҳокамаси ўрин олди.


Маълумот ўрнида, “Асрлар оша Ўмон тарихи музейи” Ўмоннинг сўнгги йиллардаги энг йирик маданий лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Ушбу музей Ўмоннинг марҳум султони Қобус бин Сайид ташаббуси билан қурилган бўлиб, мамлакатнинг қадим замонлардан то бугунги кунгача бўлган бой тарихий, маданий ва давлатчилик эволюциясини ўзида акс эттириб келади.
М.Пирматова, ЎзА