22 июнь тонг саҳар АҚШ авиацияси Фордо ва Натанздаги ядро объектларини бомбардимон қилди, деб ёзди “New York Times” Эрон расмийларига таяниб. Президент Дональд Трампнинг ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади:
– Биз Эроннинг уч ядровий объэкти, жумладан Фордо, Натанз ва Исфахонга жуда муваффақиятли ҳужумни якунладик. Бу ишни фақат Америка армияси амалга ошириши мумкин эди.
“Fox News” ёзишича, АҚШ ҳужумда бункер бомбалари ва “Tomahawk” қанотли ракеталаридан фойдаланган.
– Фордога зарба берилишини кутгандик, – дейилган Ислом Республикаси парламенти раисининг маслаҳатчиси Меҳди Муҳаммадий тарқатган баёнотда. Шунинг учун объект эвакуация қилинди. Жиддий зарар йўқ.
Ушбу воқеа мамлакатдаги турли сиёсий доираларла турлича баҳоланмоқда. Масалан, Республикачи конгрессмен Томас Масси якшанба куни партиядоши Трампнинг қарорини танқид қилиб, АҚШнинг Эронга зарбаси мамлакат Конституциясига зидлигини билдирган.
Бир неча кун олдин Масси Трампга Эрон билан якка ўзи уруш бошлашини тақиқловчи резолюция таклиф қилган.
Америкалик геосиёсий таҳлилчи Скотт Риттер ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилиш қарори жуда катта хато эканлигини ёзган:
– Президент Бушдан кейинги энг аҳмоқона қарор. Бомбалар нишонга зарар етказганми ёки йўқми, ҳозирча билмаймиз. Исроил бу манзилларни бир ҳафта давомида тўпга тутди. Кўп қисми бундан олдин зарар кўрган ёки вайрон бўлган. Оқибат – муаммони тинч йўл билан ҳал қилишда ишончсиз ҳамкорлигимизни яна бир бор кўрсатдик. Масалан, Россия энди бизга қандай ишониши мумкин?!
Мутахассис, шунингдек, Эроннинг бундай бузғунчи ҳаракатга жавоби олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада намоён бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Маълумки, Исроил 13 июнга ўтар кечаси махфий ҳарбий ядро дастурини амалга оширишда айблаб, Эронга қарши амалиёт бошлаган.
Ўз навбатида Ислом Республикаси ядровий лойиҳанинг ҳарбий хусусиятини инкор этиб келмоқда.
18 июнь куни МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси агентлик мутахассислари Эрон ядровий қурол дастурини амалга ошираётганига оид аниқ далил кўрмаганини таъкидлаган.
CNN хабарига кўра, АҚШ разведка ҳамжамияти ҳам, Трамп ва Исроил баёнотидан фарқли ўлароқ, Эрон ядровий қурол яратмоқчи эмас, деб ҳисоблашини билдирган.
С.Раҳимов, ЎзА