Ватанимиз тарихидаги 22 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1498 йил (бундан 527 йил олдин) – машҳур тарихчи Мирхонд вафот этди (таваллуди 1433 йил). Унинг отаси Бурҳонуддин Ховандшоҳ бухоролик бўлиб, Балхга кўчиб кетган. Мирхонд шу ерда туғилиб, кейин Ҳиротда яшаган. Алишер Навоийнинг адабий тўгарагида қатнашган. Унинг набираси Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Мирхонд Алишер Навоий билан учрашгунча турли илмлар билан шуғулланган, аммо биронтасида мутаъйин эмас эди. Тарихчи Алишер Навоий билан учрашгач, шоир ўзининг “Ихлосия” хонақоҳидан унга алоҳида хона ажратиб, шахсий кутубхонасидаги китоблардан фойдаланишга ижозат бериб, олимни умумий тарихга оид катта асар ёзишга ундаган, уни бу соҳада доимо моддий қўллаб турган. Аммо Мирхонд улкан асарини мукаммал тугата олмай, еттинчи жилди ва жуғрофий илова материаллари йиғилган ҳолида 1497 йил оғир касалликка чалиниб, ётиб қолди ва 1498 йилнинг 22 июн куни вафот этди. Унинг асарини набираси Ғиёсиддин Хондамир якунига етказади.
1927 йил (бундан 98 йил олдин) – Бухоро маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш қўмитаси ташаббуси билан таъмирланган Кўкалдош мадрасасида музей очилди ва янги экспозиция (кўргазма) ташкил қилинди. Экспозиция учун тўртта хона ажратилиб, иккитаси ходимларга берилди.
Тарихчи А.Болтаевнинг қайд этишича, археология бўлими битта хонага жойлаштирилиб, унда асосан археологик ашёлар, сопол буюмлар, Самарқанддан келтирилган оссуарийлар ўрин олган. Энг қимматли экспонат мармардан қилинган бўлиб, у XIV асрга оид Шайх Сайфиддин Бохарзий қабртоши эди. Бу ёдгорлик 1926 йилнинг кузида музейга келтирилган эди.
Бухоро воҳасига тегишли ҳунармандчилик ашёлари этнография бўлимидан ўрин олган. Табиат бўлимида воҳага яшайдиган 70 та ҳайвон (фауна) экспонати жойлаштирилиб, бу бўлимдаги асосий экспонатлар Самарқанд музейидан келтирилди. Жами 600 дан ортиқ экспонат учта бўлимга қўйилган. Музейга 1927 йил июндан то декабр ойининг охиригача 6 минг 579 томошабин ташриф буюрган. Ҳар бир томошабиннинг музейга кириши 20 тийин, мусулмон аёллари ва қизил армия аскарлари учун эса бепул қилиб белгиланган.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – якшанба куни тонготарида август шартномасини бузиб, фашистлар Германияси СССРга ҳужум бошлади. Германия билан унинг иттифоқчилари – Италия, Финляндия, Венгрия, Руминия, Болгария ҳам Совет Иттифоқига қарши урушга кирди. Бу урушга мажбуран тортилган Совет Иттифоқи халқлари мустамлака асоратида бўлган барча республикалар, шу жумладан, Ўзбекистон халқлари учун оғир синовлар вақти ва уларнинг фашист босқинчиларга қарши фидокорона кураши бошланди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий шаҳри таркибида Кармана туманини ташкил этиш ва Навоий туманининг янги марказини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ангрен–Поп электрлаштирилган поезд қатнови ишга туширилди. Фарғона водийсидаги Ангрен–Поп темир йўлининг қурилиши бутун Ўзбекистон ҳудудларини қамраб оладиган ягона миллий темир йўл тармоғи барпо этилишига олиб келди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, осойишталикни ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди. Маълумки, лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат БМТнинг барча аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Шуниси ҳам эътиборга лойиқки, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африкадаги 55 мамлакат, шу жумладан, Австралия, Австрия, Афғонистон, Беларусь, Германия, Италия, Ҳиндистон, Индонезия, Канада, Нигерия, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Корея Республикаси, Сингапур, Туркия, Швейцария, Эквадор сингари бир қатор давлатлар юқоридаги резолюциянинг ҳаммуаллифларига айланди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига «E-qaror» электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА