Президент ташрифидан сўнг...
Тошкент вилояти – мамлакатимиз иқтисодиётида катта салоҳиятга эга ҳудудлардан. Хусусан, мева-сабзавотчилик йўналишида вилоятнинг имкониятлари йил сайин кенгайиб бормоқда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил бошидан буён Ўзбекистонда 1,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, шундан 130 миллион доллари Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Жорий йил охиригача бу кўрсаткични республика миқёсида 1,6 баробарга ошириш кўзда тутилган.
Айни пайтда, 5 ой мобайнида 618 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга юборилди. Бу эса соҳада экспорт салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади. Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 7 турдаги молиявий ёрдам механизмлари, 3 хил солиқ имтиёзи ва преференциялар жорий этилган.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган 175 та корхона фаолият юритмоқда. Қайта ишлаш даражаси йилдан йилга ошмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни Паркент туманидаги “Бату Экспорт” корхонасига ташриф буюриб, уни соҳадаги илғор ва ривожланаётган корхоналар қаторида эътироф этди. “Бату Экспорт” – 15 миллион долларлик инвестиция ҳисобига ташкил этилган, замонавий технологиялар билан жиҳозланган, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлайдиган корхоналардан бири.
Бу ерда йилига 5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланади. Хомашё Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан келтирилади. Корхонада Япония, Германия, Бельгия ва Хитойдан келтирилган энг сўнгги русумдаги технологиялар ўрнатилган бўлиб, бу маҳсулот сифати ва унинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ерда маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тадбиркорлар, корхона вакиллари ва мутасаддилар билан бўлган интервьюларни батафсил видеорепортаж орқали томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Ig3vGgRKbMo?si=5kYcWtd_LC1DaTr3" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Улуғбек ТЎХТАЕВ (видео),
ЎзА