Вьетнамда U23 ёш тоифаcида ўтаётган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Чемпионатнинг юнон-рум кураши баҳслари ўз якунига етган бўлса, аёллар курашида илк ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Юнон-рум кураши бўйича сўнгги беллашувларда вазни 63 килограммгача бўлган полвонимиз Ҳусниддин Олимбоев кумуш медални қўлга киритган бўлса, Жонпўлат Тўлқинбоев (-55 кг.) ва Раҳимжон Узоқов (-87 кг.) бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, мазкур йўналишда терма жамоамиз 2 тадан олтин ва кумуш, 3 та бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақанинг аёллар курашида Муштарий Толипбекова ҳамда Лайлохон Собирова ўз вазн тоифаларида бронза медалига эга чиқди. Мазкур йўналишдаги беллашувлар давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА