Ўзбек халқининг қадимий ва шу билан бирга миллий ифтихори бўлган кураш спорти жаҳон саҳнасида яна бир муҳим босқични босиб ўтди.
Жорий йилнинг 17–25 май кунлари Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) Бош Ассамблеясида кураш расман ҳарбий спорт турлари тақвимига киритилди.
Бу юзасидан бугун, 19 июнь куни АОКАда мазкур муҳим воқеага бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда Халқаро Кураш Ассоциацияси раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Бош прокуратура ва спорт вазирлиги масъуллари, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ва хорижий кураш федерациялари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Анжуманда Халқаро Кураш Ассоциацияси Президенти Ҳайдар Фармон нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда курашнинг жаҳон спорт майдонида ўз муносиб ўрнига эга бўлиб бораётгани, бу жараёнда Ўзбекистон Президентининг беқиёс эътибори ва қўллаб-қувватлови алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.
“Кураш нафақат миллий спорт сифатида, балки халқаро дипломатия, маданий мулоқот ва жисмоний тарбия воситаси сифатида дунё майдонида тобора ўз нуфузини оширмоқда. Бу ютуқ — бутун Кураш оиласининг сабр ва интизоми орқали эришилган натижадир” дейди, Ҳайдар Фармон ўз нутқида.
Шунингдек, Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг расмий спорт дастурига кириш учун бир неча йиллик музокаралар, намойишлар ва халқаро ҳужжатлаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлаб, Ҳайдар Фармон Ўзбекистон Ҳукумати, Спорт ва Мудофаа вазирликлари ҳамда Миллий Олимпия қўмитасига ўз миннатдорлигини билдирди.
Ушбу ютуқ — Ўзбекистон президентининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросининг мантиқий давоми бўлди. Хусусан, мазкур қарорда 2026 йил давомида кураш спорт турини CISM расмий мусобақалари дастурига киритиш белгиланган эди.
Маълумот учун, 1948 йилда ташкил этилган Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) — ҳарбийлар ўртасида спорт орқали тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган йирик тузилма ҳисобланади. Унда 140 дан ортиқ давлат аъзо бўлиб, ташкилот ҳар тўрт йилда “Ҳарбий Олимпиада” — CISM World Military Games мусобақаларини ўтказади. Мазкур мусобақаларда жанговар спорт турлари устувор ҳисобланади ва эндиликда кураш ҳам улар қаторига киритилди.
Тадбирда Халқаро Кураш Ассоциацияси бош котиби Реза Нассири курашнинг Халқаро ҳарбий спорт кенгаши календаридан ўрин олгани бутун спортимиз учун янги босқич эканини таъкидлади.
“Кураш нафақат Олимпия ҳаракати, балки ҳарбий спорт тизимида ҳам ўзига хос ўрин эгаллаш имкониятига эга. У шунчаки спорт эмас — бу жанговар санъат. Биз дунё бўйлаб курашнинг нуфузли ҳарбий спорт турига айланишига ишонамиз” дейди яна, у.
Реза Нассири шунингдек, 2026 йил 5–6 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Kurash Challenge Cup” мусобақаси ҳақида маълумот берди. Мазкур мусобақа Халқаро ҳарбий спорт кенгаши доирасидаги илк расмий кураш турнири бўлиб, дунёдаги энг кучли ҳарбий спортчиларни бир майдонда тўплайди. Мусобақа Мустақиллик байрами ҳамда Кураш куни муносабати билан ташкил этилади.
Анжуманда Халқаро Кураш Ассоциацияси Вице-президенти Шерзодхон Қудратхўжа ҳам чиқиш қилди ва курашнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва унда Ўзбекистоннинг нуфузи ҳақида тўхталиб ўтди. У бугун кураш нафақат спорт тури, балки Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси ва халқаро имижининг кучли тарғибот воситасига айлангани, дунёнинг 5 қитъасида “чала”, “ёнбош”, “ҳалол” сўзлари жаранглаётгани — бизнинг тарих ва маданиятимизнинг спорт орқали намоён бўлаётганини таъкидлади.
Шу билан бир қаторда сўзга чиққанлар ушбу ютуқни нафақат спортдаги, балки қатор давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, тинчлик ва маданий яқинлашув сифатида улкан қадам бўлаётгани, 140 дан ортиқ мамлакатни бирлаштирган Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг “Тинчлик учун спорт” шиори остида курашни ўз тақвимига қўшгани — Ўзбекистон спорти ва дипломатияси учун ҳам муҳим бурилиш бўлганини эътироф этдилар.
2026 йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Kurash Challenge Cup” мусобақаси эса нафақат ҳарбий спорт, балки миллий ифтихор, маданият ва юксак қадриятларнинг халқаро саҳнада намоён бўлиши кутилмоқда.
Бу эса ўз навбатида, кураш орқали юртимизнинг маданий ва спорт салоҳиятини кенг жамоатчиликка янада теранроқ намоён этилишига хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/d-IRB_NiZsE" title="Kurash — harbiy sport turi sifatida xalqaro e’tirofga sazovor bo‘ldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА