Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг “Барака” массивигача 28 километр узунликдаги янги темир йўл йўналиши барпо этилди. Мазкур йўналиш замонавий логистика тизимининг муҳим бўғини сифатида туманни мамлакат ва минтақавий бозорлар билан янада самарали боғлайдиган мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайди.
Энди “Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси”га тўғридан-тўғри темир йўл орқали етиб бориш имкони яратилди. “Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси” Президентимизнинг фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, айни кунда фаолияти бир неча турдаги тадбиркорлик субъектларидан иборат. Жумладан, Ғиждувон, Когон, Пешку, Қоровулбозор ҳамда Ромитан туманлари ҳудудидан ишлаб чиқариш учун ер майдонлари ажратилган.



Ҳозирда умумий қиймати 296,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 51 та инвестиция лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобидан 6 минг 326 та янги иш ўрни яратилишига эришилади. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий ва хорижий сармоялар учун кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда туман иқтисодий салоҳиятини сезиларли даражада юксалтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.