Ватанимиз тарихидаги 18 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1037 йил (бундан 988 йил олдин) – жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк қомусий олим Ибн Сино 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди. Уни иззат-икром билан шогирди Жузжоний бошчилигида Ҳамадонга дафн этишди. Ибн Сино қабри устида ҳашаматли мақбара қурилган. Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино жисмоний жиҳатдан ҳам бақувват бўлган. Бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадар юриш, уйқусизлик, тинимсиз меҳнат ва таъқиблар, ҳибсга олишлар унинг саломатлигига салбий таъсир этган.
Ибн Сино Европада Авиценна номи билан машҳур бўлган. “Медицина” атамаси унинг табиблик маҳорати (мадади Сино)дан олинган. Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, урушлар, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир, холос. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган.
1391 йил (бундан 634 йил олдин) – душанба куни Қундузча (ҳозирги Самара билан Чистополь оралиғидаги Кондурча шаҳарчаси) мавзесида Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасида жанг юз берди. Амир Темур биринчи марта ўз лашкарини шу пайтгача қўлланмаган “етти қўл” (етти қисм) тартибида тузди. Қарши тарафда Тўхамишхон ҳам ўз сипоҳини беш қўлга бўлиб, уларга Дашти Қипчоқнинг номдор саркардаларини бошлиқ қилиб, саф чекиб турди.
Амир Темур йирик жанг олдидаги одати бўйича лашкарни саф торттириб кўрикдан ўтказади ва руҳий ҳужум тактикасини кўллайди: лашкарига чодир ва ўтовларини тутишни буюради. Ўзи эса бу пайт икки ракат намоз ўқиб олади. Бунинг ҳаммаси душманни ҳайратда қолдириб, донг қотириб қўяди. Ундан ташқари, у ерда ҳозир бўлган Саййид Барака бир ҳовуч майда тош териб, “Йаағи (душман) қочти!” деб, душман тарафига улоқтиради. Жанг Амир Темур ғалабаси билан тугади. Душман тамомила енгилиб, тор-мор бўлди.
1821 йил (бундан 204 йил олдин) – Хива хони томонидан Дўстимбий ва Бекижонбек Бухорий бошчилигидаги етти минг кишилик катта ҳарбий гуруҳ Бухоро чоповулига талон-торож қилиш учун юборилди. Улар Қораҳожи устидан юриб Қоракўлни чопмоқ (таламоқ) учун Қандаҳор қумига кирадилар.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Россиянинг тазйиқи билан Кобулдаги Бухоро элчихонаси тугатилиб, эндиликда Бухоро Республикасининг Афғонистондаги манфаатларини СССР вакили “ҳимоя” қиладиган бўлди.
1982 йил (бундан 43 йил олдин) – Ўзбекистон Халқ артисти, Халқаро Жавоҳарлал Неру ва Жамол Абдул Носир мукофотлари лауреати Мухтор Ашрафий уй музейи очилди. Музей Ашрафийнинг 1969–1975 йилларда яшаган уйида жойлашган бўлиб, унда Ашрафийнинг 30 йил давомидаги композиторлик, дирижёрлик ишлари, педагогик фаолиятини акс эттирадиган экспозициялар ўрин олган. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, санъат арбобига тегишли китоблар, унинг қўлёзмалари, асарлари, хонадон буюмлари ташриф буюрувчиларда Ашрафийнинг ҳаёт фаолияти ҳақида кенг маълумот беради.
1989 йил (бундан 36 йил олдин) – узоқ муҳокамалар, турли таклифлардан сўнг Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг лойиҳаси матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун эълон қилинган кундан бошлаб икки ой муҳокама этилиши белгилаб қўйилди.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат техника университетида кадрлар тайёрлаш таркибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан, Тошкент давлат авиация институти тугатилиб, унинг негизида Тошкент давлат техника университетининг Авиация факультети ташкил этилди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – қурилиш соҳасида лизинг хизматларини янада ривожлантириш, замонавий қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, кичик механизация воситалари ва махсус транспорт билан жиҳозлаш асосида қурилиш ташкилотлари техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган “Қурилишмашлизинг” компанияси ташкил этилди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА