Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга йирик кўламда ҳужум уюштириб, мамлакат ядровий дастурининг асосий объектлари ва юқори мартабали ҳарбий раҳбарларини нишонга олди. “Шерлар миллати” деб номланган бу ҳужум, Исроил расмийларига кўра, Теҳроннинг кучайиб бораётган ядровий таҳдидига жавоб бўлди.
Бугун Исроил ва Эрон можаролари ҳақида гаплашамиз. Ҳаммаси қаердан бошланган, Исроил давлати қандай пайдо бўлиб қолган ва нега бундай можаролар марказида тургани ҳақидаги саволларга жавоб топамиз
Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида ўнлаб одамлар, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори раҳбарияти ҳалок бўлди.
Мамлакат 200 дан ортиқ ҳарбий самолёт билан Эрон ҳудудидаги 100 дан зиёд нишонларга ҳужум қилди. Улар — ядровий объектлар, жумладан кейинчалик радиоактив ифлосланиш аниқланган Натанздаги ер ости маркази, баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводлар, ҳарбий базалар ва қўмондонлик пунктлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета қурилмалари.
Эрон ОАВ маълумотларига кўра, камида 78 киши ҳалок бўлган, яна 329 киши жароҳат олган.
Теҳронда юқори мартабали ҳарбийлар учун қурилган турар-жой мажмуалари вайрон қилинди.
Исроил Эроннинг асосий ҳарбий раҳбарларини йўқ қилди: жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Бош штаб бошлиғи Муҳаммад Бақерий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси элита бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид ҳамда ҳаво кучлари қўмондони Али Ҳажизода, шунингдек, олти нафар ядро физиги.
Шундан сўнг Эрон шафқатсиз қасос олишни ваъда қилиб, ядровий дастур бўйича музокаралардан чиқди.
Ҳужумларга жавобан Эрон Исроил томон 800 та дрон учирди, уларнинг аксарияти, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Иордания кучлари томонидан йўқ қилинди. Мамлакат раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Тель-Авивга шафқатсиз жавоб беришни ваъда қилди. 13 июнь куни кечқурун Эрон Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда 3” номли жавоб операциясини бошлади. Эрон Исроилнинг Димона шаҳридаги ядровий объектини нишонга олганини маълум қилди. Эроннинг Исроилга қарши амалга оширган тўрт босқичли ракета ҳужуми оқибатида 3 киши ҳалок бўлди ва камида 70 киши жароҳат олди.
Исроил ва Эрон можаросининг бир қанча сабаблари бор. Аввало, Эрон Исроилнинг қонунийлигини тан олмайди. Исроилни араб ҳудудларини босиб олишда ва муқаддас жойларни, жумладан, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидини таҳқирлашда айблайди.
Исроил эса Эронни исломий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва ядровий дастурни ривожлантириш туфайли мавжудлигига таҳдид деб ҳисоблайди. Эрондаги антисемитизмни қоралайди.
2024 йилда давлатлар тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга яқинлашди. Жумладан, апрель ойида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум қилиб, Эрон қуролли кучларининг икки генералини ўлдирди. Бунга жавобан Теҳрон Исроилга 300 дан ортиқ ракета ва дронлар учирди. Шундан сўнг Тель-Авив Исфаҳонга зарба берди. Июль ойида Исроил ХАМАС етакчиси Исмоил Хонияни, сентябрда “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилди.
2025 йил июнь ойида эса Исроил “Шерлар миллати” махсус операциясини бошлади. 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ҳудудига 40 йиллик можаро тарихидаги энг йирик зарбани берди. Мақсад Эроннинг асосий ядровий объектлари, жумладан, Натанздаги марказ, шунингдек, ядровий дастур учун масъул бўлган ҳарбий раҳбарият ва олимлар эди.
Исроилда операцияни профилактик зарба деб аташди. Исроил мудофаа армияси (САХАЛ) маълумотларига кўра, Теҳрон аллақачон ядровий қурол яратишга анча яқинлашган. Reuters агентлиги эса Исроил ҳарбий амалдорига таяниб хабар беришича, Эрон 15 та ядровий бомба яратиш учун етарли ресурсларга эга. Исроилнинг фикрича, Эрон бу қуроллардан душманга ҳужум қилиш учун фойдаланишга тайёр эди.
“Исроил давлатининг бошқа танлов имкони йўқ эди. Исроил мудофаа армияси Исроил давлати фуқароларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилиши шарт ва шундай давом этади”, деди Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати.
Исроил — дунёдаги энг баҳсли давлатлардан бири. Унинг ташкил топиш тарихи асрлар давом этган зиддиятлар, даъволар ва орзулар билан тўла. Қадим замонларда, бугунги Қўддус атрофида яҳудийлар яшаган. Милоддан аввалги асрларда бу ҳудудда Исроил ва Яҳудо шоҳликлари мавжуд бўлган. Аммо милоддан аввал 70 йили Рим империяси бу ҳудудни босиб олади ва яҳудийлар бутун дунё бўйлаб тарқалади. Бу — диаспора деб аталадиган тарихий жараённинг бошланиши бўлган.
Узоқ асрлар давомида яҳудийлар ўз ватанини орзу қилган. 19 аср охирида Теодор Герцль бошчилигида сионизм ҳаракати пайдо бўлади. Бу ҳаракат яҳудийларни ўз миллий давлатини тиклашга даъват этади. Уларнинг кўпчилиги Фаластин деб аталган ҳудудга — ўзларининг қадимий юртига қайта бошлайди.
Биринчи жаҳон уруши тугагач, Фаластин Буюк Британия ҳукмронлиги остига ўтади. 1917 йили Британия Бальфур декларацияси орқали яҳудийлар учун миллий ватан яратиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Аммо бу ҳолат Фаластинда яшаб келаётган араблар билан зиддиятларни кучайтиради.
1947 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластинни икки қисмга — яҳудийлар ва араблар давлатларига бўлишни таклиф қилади. Яҳудийлар бу қарорни қабул қилади, аммо араблар рад этади.
1948 йил 14 май куни, яъни Британия мандати тугаганидан бир кун аввал, Давид Бен-Гурион Исроил давлатининг ташкил топганини эълон қилади.
Эртагаёқ — 15 май куни, Миср, Сурия, Ироқ ва бошқа араб мамлакатлари Исроилга қарши уруш бошлайди. Аммо Исроил бу урушда ғалаба қилади. Шундан сўнг, 1967 ва 1973 йилларда яна урушлар юз беради. Ҳар бир урушдан сўнг Исроил ҳудудини кенгайтириб боради.
Исроилнинг ташкил топиши — бир халқнинг асрлар давомидаги орзуси рўёбга чиққани каби кўрилади. Аммо шу билан бирга, бу жараён бошқа халқ — фаластинликлар учун фожеа бўлиб қолди. Чунки уларнинг ерлари тортиб олинди, миллионлаб инсонлар бошпанасиз қолди. Шундай қилиб, бу тарихий воқелик бугунгача давом этаётган зиддиятларнинг асосий сабаби бўлди.
Шундай қилиб, Исроил ва Эрон бир-бирининг ҳудудига жиддий зарбалар бераётганига қарамай, кенг кўламли тўқнашув ҳақида ҳозирча гап йўқ. Аммо мамлакатлар ўртасида уруш бошланиши хавфи жуда юқори.
Бундан ташқари, The Wall Street Journal га маълум бўлишича, Исроил икки ҳафта давомида Эронга ҳужум қилишни режалаштирмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Mc-MctK3ycI" title="Isroil va Eron urushi haqida bugungacha nimalar ma’lum?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА