Ота-боболаримиздан мерос миллий спортимиз курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонда мамлакатимиз мустақиллиги туфайли оммалашаётгани дунёда Ўзбекистоннинг ўз ўрни ва умумбашарий қадриятлар маскани эканлигининг ёрқин тантанасидир.
Давлатимизнинг алоҳида эътибори туфайли турли мамлакатларда кураш бўйича чемпионатлар, турнирлар ташкил этилиши асносида жозибали якка кураш спорт турини Олимпия ўйинлари тизимидан жой олиниши борасида кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт ҳаётидаги мисли кўрилмаган воқеликлар сирасига киради, десак муболаға бўлмайди.

Жаҳон спорт оиласига дзюдо, каратэ, сумо каби спорт турларини тақдим этган Япония, Олимпия ўйинлари тизимига киритилган таэквондонинг тараққиёти борасида ҳали ҳам жон фидолик қилаётган Жанубий Корея каби давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, спорт турини халқаро майдонга олиб чиқиш, унинг тараққиётини қўллаб-қувватлаш маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий бўғинлардаги кенг қиррали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кураш миллий спорт турининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилиш устувор вазифалардан бири этиб белгилангани натижасида олис Америка-ю, Европа, Осиё-ю Африка қитъасининг бир неча мамлакатларида мусобақалар, семинарлар, амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 30 июль-5 август кунлари Корея Республикасининг Геосан шаҳрида кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионати, шу кунларда Доминикан Республикасида ўтган Пан Америка чемпионати, Туркияда Европа мамлакатлари вакиллари иштирокида ташкил этилаётган турнир ва семинарлар Ўзбекистон байроғидан жило олган кураш спорт турининг халқаро ривожига қаратилгандир.
Халқаро кураш ассоциацияси маълумотига кўра, 12-17 июнь кунлари Санто-Доминго шаҳрида зўр муваффақият билан ташкил этилган Пан-Америка чемпионати, мураббийлар ва ҳакамлар учун ўтган семинар машғулотлари жанубий Америка минтақасидаги 12 та давлат вакилларини қамраб олди. Бу, шунча давлатда истиқомат қилаётган минг-минглаб спортсевар кишилар қалбига кураш орқали ўзбекона атамалар жо бўлди, фикр-ёдида серқуёш Ўзбекистон жамоли бир лаҳзага бўлса-да муҳрланганининг далолатидир.

Туркия кураш федерацияси президенти Фуркан Гюльташнинг сўзларига кўра, шу кунларда мамлакатда жорий йилнинг тўртинчи чорагида кураш бўйича катталар ўртасида ўтказилиши режалаштирилган жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Бугунгача чемпионатни ўтказиш билан боғлиқ дастлабки ишлар якунланган. Ҳозирда Европа ва Осиёни боғлаб турган Туркиянинг 40 та шаҳар ва масканларида ҳудудий кураш федерациялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, турли ёш тоифаларидаги ички чемпионат ва кубок мусобақалари ички ва Туркия спорт тизими учун ажратилган маблағлардан, ҳомийлик тизимлари орқали уюштириб келинмоқда. Ушбу мусобақаларнинг ҳар бирида 500-600 нафар курашчи ёшлар қатнашмоқда. Энди, хушманзара Туркия шаҳарларида Ўзбекистон байроғи рангларидаги яшил ва кўк яктакли 500 нафардан зиёд ёшларнинг саф тотиб туришини тасаввур этинг, кўнгил яйрайди. Бу, мамлакатимиз фахри бўлган байроғимизнинг жаҳон узра янада юксалишига, танилишига маёқ эмасми?!

Бевосита Жанубий Кореяда ўтиши кутилаётган қитъа чемпионати хусусида сўз юритадиган бўлсак, ташкилий қўмита маълумотига кўра, бугунгача Осиёнинг 25 та мамлакатидан 600 нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 500 нафарини спортчилар ташкил этмоқда.
Чемпионатни юқори савияда ўтказиш мақсадида Халқаро кураш ассоциацияси, Осиё кураш конфедерацияси, Корея Кураш федерацияси, Геосан шаҳри маъмурияти ҳамкорлигида ташкилотчилик ишлари амалга оширилмоқда.
Беллашувларнинг нафақат Корея, балки жаҳон рейтингидаги нуфузли университетлардан бири Жунгвон университетида бунёд этилган кичик Олимпия шаҳарчасида ташкил этилиши, иштирокчилар учун олимпия муҳити яратилиши кўза тутилганлиги курашнинг тўрт йиллик ўйинлар тизимидан жой олишига рамзий ишора, гўё.

Т.Рўзиев, ЎзА