“Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ томонидан “Рақамли мижозлар сонини ошириш: натижалар ва режалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда банк аҳолига хизматлар кўрсатишни ривожлантиришга, ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматларнинг янги турларини жорий этишга устувор аҳамият қаратаётгани қайд этилди.
2026 йилнинг охирига қадар "Бизнесни ривожлантириш банки" мобил иловаси фойдаланувчилари сонини 1 миллион нафарга етказиш вазифаси белгиланган.
[gallery-23926]
– “BRB Mobile” иловасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва унинг функционаллигини янада яхшилаш мақсадида доимий равишда ўзгариш ва янгиликлар киритиб борилмоқда, – дейди BRB-TECH” MCHJ IT директори Абдулла Бутаев. – Жумладан, ҳозирга қадар 33 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Онлайн авто ва таълим кредитлари, овердрафт, банк картасига буюртма бериш каби хизматлар шулар жумласидандир. Ҳозирда эса микросервислар, онлайн суғурта, “BRB NEO” ва VISAсўм сингари 8 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, мижозларни анъанавий филиаллар тармоғидан рақамли каналларга (айниқса, мобил иловадан фойдаланишга) ўтказиш орқали банкнинг операцион харажатларини самарали оптималлаштиришга эришилмоқда.
– Бугунги кунда рақамли мижозларнинг асосий хавотири – бу мобил иловадан фойдаланишда етарли даражада хавфсизлик чораларининг таъминланмаганлигидир, — дейди – “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Инновацион ва рақамли технологиялар департаменти директори ўринбосари Абдурасул Абдужабборов. – Шу сабабли мамлакатимизда биринчи бўлиб “BRB Mobile” иловасида илғор “Session antifraud” тизими жорий етилди. Тизим фойдаланувчи иловага кирган заҳоти ишга тушади ва сунъий интеллект асосида қурилмадаги шубҳали иловалар ҳамда зарарли дастурларни аниқлайди. ШУ билан бирга мижоз профилига нечта қурилма орқали кирилаётганини таҳлил қилади ва хавф даражасини баллар асосида баҳолайди. Хавфли ҳолат аниқланган тақдирда, мижознинг профили автоматик тарзда вақтинча блокланади.
Матбуот анжуманида банкнинг хизмат кўрсатиш офисларида 43 та хизматлар рақамлаштирилгани қайд этилди. Бундан ташқари, банкнинг юридик мижозлари масофавий операцияларни амалга оширишлари учун мўлжалланган “BRB Internet banking” онлайн саҳифаси (web)да рўйхатдан ўтган мижозлар сони жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 33 минг нафарни ташкил этган. Юридик мижозларнинг ўтган 5 ойлик давомидаги ўтказмалари сони эса 1,9 миллионтани ташкил қилиб жами 32,7 триллион сўмлик транзакциялар амалга оширилган.
Матбуот анжуманида журналистларни мавзу юзасидан қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА