АҚШ президенти Дональд Трамп бошчилигидаги маъмурият Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси — NASA учун ажратиладиган маблағларни кескин қисқартиришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.
Оқ уй томонидан тақдим этилган режага кўра, NASA илмий дастурларига ажратилган бюджет 50 фоизга — 3,9 миллиард долларгача камайтирилади. Бу таклиф федерал харажатларни камайтириш стратегияси доирасида илгари сурилган бўлиб, мутахассислар томонидан агентлик тарихидаги энг паст молиялаштириш даражаларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Бюджет қисқариши NASAнинг 40 дан ортиқ илмий миссияси ва тадқиқот лойиҳасининг ёпилишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолат фазони ўрганиш, иқлим ўзгаришини кузатиш ва илғор технологияларни ривожлантириш борасидаги ишларга жиддий путур етказади.
NASA нафақат АҚШ, балки бутун инсоният учун муҳим илмий ва стратегик агентлик бўлиб қолмоқда. У Ой ва Марсга учиш, Ер орбитасида сунъий йўлдош тизимлари яратиш ва иқлим мониторинги каби лойиҳаларда етакчи ўрин тутади. Bloomberg манбаларига кўра, Трамп маъмуриятининг бу қарори NASAни барқарор раҳбариятсиз, аниқ стратегиясиз ва кучли глобал рақобатчилар — жумладан, Хитой билан рақобатлаша олмайдиган ҳолатга туширади. NASA келажакда инсониятнинг фазодаги ролини белгилаб бериши мумкин бўлган миссиялар устида иш олиб бормоқда. Бюджетнинг кескин қисқариши эса бу режаларнинг кечикишига ёки тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qvDBqQZW3I8" title="AQSH NASA ilmiy dasturlarini qisqartirmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА