Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи айрим нормаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келяпти.
Шундан келиб чиқиб, амалдаги 12 та қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳаси билан ўрмон фонди ерларини онлайн-аукцион орқали фойдаланишга бериш, шунингдек, йиғимлар фақат қонунлар билан белгиланишини назарда тутиш белгилаб қўйилмоқда.
[gallery-23936]
Шунингдек, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунга меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини олиб келишни ташкил этиш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилиши таклиф этилмоқда.
Шаҳарсозлик кодексида эса шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар қаторидан чиқариш белгиланяпти.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш ваколати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилмоқда.
Мазкур ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлаш, қонунчиликдаги тафовут ва зиддиятларни, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.
Депутатлар қизғин муҳокамаларда бир қатор саволларни ўртага ташладилар ва тегишли жавоблар олдилар. Шундан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА