Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг бешинчи кунги мусобақалари остонасида 17 та миллий терма жамоалар у ёки бу даражадаги медалларни қўлга киритган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та бешинчи ўрин ҳисобига 93 та давлат орасида 18-ўринни банд этиб турибди.
Кеча ўтказилган беллашувларда 2 нафар вакилимиз ғолиблик учун кураш олиб борган бўлса, -81 килограмм оғирликда кучлилар билан беллашган ёш дзюдочимиз Арслонбек Тожиев саралаш баҳсларида Италия, Япония, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари вакилларини томошабинлар сафига кузатиб қўйди.

Айтиш лозим, ҳамюртимиз саралаш мусобақасининг иккинчи босқичида икки карра Олимпиада чемпиони, уч карра Олимпия ўйинлари совриндори, 3 карра жаҳон чемпиони япониялик Таканоре Нагасени шиддатли баҳсда мағлубиятга учратгани чемпионатда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Ярим финалда маҳоратли спортчимиз Арслонбек Тожиев Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида чемпионатда қатнашаётган Тимур Арбузовга йўл бериб, 3-ўрин учун курашда Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, жанубий кореялик Джунхван Лигакичик ҳисобда имкониятни бой берди ва 5-ўрин билан кифояланди. Арслонбекни доғда қолдирган Арбузов ўз навбатида, ушбу вазнда жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Бугун аёллар ўртасида ўтадиган -70 килограмм вазнда терма жамоамиз аъзоси Хуршида Раззоқбердиева Хитой Тайпейи вакили Лиао Ю-Жунг билан илк саралаш мусобақасини ўтказса, эркаклар ўртасида -90 кг. вазндаги беллашувларда қатнашадиган Нурбек Муртозоев маврикилик Реми Феуиллет билан, Шаҳзодхўжа Шарипов норвегиялик Корнелиус Эйтертсен билан дастлабки баҳсда рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатнинг яккалик баҳслари 19 июнь куни поёнига етганидан сўнг, 20 июнь куни 16 та миллий терма жамоа иштирокидаги жамоавий баҳслар ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА