Бугунги кунда айрим йўл чизиқлари кўринмаслиги, баъзан эса йўлдаги тўсиқлар туфайли чизиқни босишга мажбур бўлинаётгани, айрим ҳолларда қоидабузарликлар ҳақида анча муддат ўтганидан кейин ҳуқуқбузарга хабар берилиши каби ҳолатлар кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида бу каби айрим кам аҳамиятли маъмурий қоидабузарликлар учун огоҳлантириш бериш бўйича таклифлар берилган.
Бу борада айрим хорижий давлатларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси бор. Бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларга эришилаётганини кўрсатмоқда.
Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “маъмурий огоҳлантириш” жазо чорасини киритиш ва ижтимоий хавфлилиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, транспорт воситасини бошқариш жараёнида камар тақмаслик, техник кўрикдан ўтказмаганлик, тегишли жиҳозлар билан таъминланмаганлик, бошқариш давомида телефондан фойдаланиш, монитордан фойдаланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта талабларини бузиш, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги каби ҳолатлар учун огоҳлантириш қўлланилади. Бундай огоҳлантириш бир йилда бир марта қўлланилади.
Шунингдек, камера ва радарлар орқали қайд қилинган ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор бир ойдан кечиктириб чиқарилган бўлса, жарима қўлланилмайди. Йўл чизиқларини босганлик камера орқали қайд этилмайди.

Ушбу тартибларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг мажлисида қизғин муҳокама қилинди. Қатор саволлар ўртага ташланди.
Қонун лойиҳаси автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, соҳада фуқароларни қийнаб келаётган айрим муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА