Сурхондарё ноёб тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, моддий ва номоддий маданий мероси, инсоният маданиятининг ўтмишдаги қадимги ўчоғи, нафис қадриятлар маскани сифатида танилган. Тоғлар қўйнидаги воҳанинг гўзал табиат манзаралари ҳам мезбонлар-у, узоқ-яқиндан келган меҳмонларни мафтун этади. Осмонўпар тоғлар этагидаги шифобахш зилол сувлари турли касалликларга табиий дармон бўлади.
Бой туристик салоҳиятга эга вилоятдаги бу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун эндиликда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга барча замонавий шароит яратилмоқда. Янги туристик марказлар бунёд этиляпти.

Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат доирасида Бойсун туманидаги умумий майдони 220,5 гектар бўлган ер участкасида “Омонхона”, Сариосиё туманидаги умумий майдони 615 гектар бўлган ер участкасида “Сангардак”, Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омборининг қирғоқ бўйи ҳудудидаги 110 гектар ерда “Обиҳаёт” туристик марказлари барпо этилмоқда.

Бойсун туманидаги “Омонхона” булоқ суви шифобахш оби-ҳаёти, Сариосиё туманидаги “Сангардак” мафтункор шаршараси ва табиати билан дунёга овоза бўлган. Жарқўрғон туманининг Обиҳаёт маҳалласидаги “Оқтепа” сув омбори ҳудуди жаҳон сайёҳларини ўзига жалб этадиган туристик масканлардан бири. Сув омбор бўйида ноёб табиат боғи ҳам бор.

Воҳада бунёд этилаётган учта янги туристик марказ ҳам тоғли ва тоғ олди ҳудудларининг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мастер режа асосида хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, соғломлаштириш, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зоналарини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган. Масалан, тоғлар қўйнида қад ростлаётган “Омонхона” туризм марказида 26 таиншоот бунёд этилаётир. 11 та меҳмонхона, уй меҳмонхоналари, ресторан, кафе, терминал ва бозор, бунгаловлар, парк, сув тозалаш иншооти, кўприк, ёнғин хавфсизлиги биноси, ёқилғи қуйиш шохобчаси ва мотел, юк ва енгил автомобиллар учун ювиш шохобчаси, таъмирлаш устахонаси, савдо дўконлари ва ошхоналарга эга бўлади.

– Замонавий лойиҳаларнинг 4 таси 0,40 гектар майдондаги аҳоли ерларида, 23,8 гектардаги 12 таси аукцион савдолари орқали сотиладиган ер майдонлар ва 2,79 гектардаги бештаси давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган, – дейди вилоят туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш дирекцияси раҳбари Эркин Эшкелдиев. – Мастер режа асосида “Омонхона” туризм марказида рўёбга чиқариладиган инвестицион лойиҳаларнинг қиймати 512,2 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг 160,5 миллиард сўми бюджет маблағлари, 351,6 миллиард сўми инвестиция маблағлари бўлиб, 441 та янги иш ўрни яратилади. Бу ерда битта меҳмонхона фойдаланишга топширилди. 3 та лот бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, 1 тасида қурилиш ишлари бошланган, 10 та лот бўйича ер майдонининг тоифасини ўзгартириш ва аукцион савдога чиқариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. 5 та лотни келгусида амалга оширилади.

Тоғли ҳудудда маҳаллий ва хорижлик туристларга янада қулайлик яратиш учун Жаҳон тараққиёт банки маблағи ҳисобидан Омонхона қишлоғига олиб борувчи 21 километр йўл жорий таъмирланади. 32 километр ичимлик сув тармоғи ва иншооти қурилади. Ярим километр пиёдалар йўлаги бунёд этилади. 15 километр масофадаги 10 кВли электр тармоғи ва 0,4 кВли ички электр тармоғи реконструкция қилинади. 4 дона 1 минг 600 кВли трансформатор ўрнатилади.
Сариосиё туманидаги “Сангардак” туризм марказида 21 та лойиҳани амалга ошириш учун 15,3 миллиард сўм бюджет ва 224,6 миллиард сўм инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг эвазига тоғли ҳудудда 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, меҳмонхона, уй меҳмонхона, бунгаловлар, терминал, санаторий каби туристик иншоотлар, дор йўли қурилиши белгиланган.

– Бу марказда уй меҳмонхоналарининг биттаси қуриб битказилди, – дейди Эркин Эшкелдиев. – 7 та меҳмонхона, 2 та уй меҳмонхона, бунгаловлар бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, 3 та меҳмонхона, 1 та уй меҳмонхона ва бунгалов қурилиши бошланди. “Турон Плаза Ҳотел” масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 10,603 миллион евро бўлган дор йўли бунёд этилмоқда. Сангардак қишлоғига олиб борувчи 6 километр ички йўл жорий таъмирланиб, “Сангардак” маҳалласидаги 4 та кўча ҳамда дор йўлига олиб борувчи 1,5 километр автомобиль йўли мукаммал таъмирланади. Дор йўли учун бир километр масофага электр тармоғи тортилиб, трансформатор ўрнатилади. Сув резервуари, оқова сув тозалаш иншооти ва тармоғи қурилади.

Жарқўрғон туманидаги “Обиҳаёт” туристик маркази қурилиши учун 15,8 миллиард сўм бюджет, 1 миллиард 645 миллион сўмдан ортиқ сармоядорлар маблағи жалб этилмоқда. Шу пайтгача туристик марказ ҳудуди атрофида яшил белбоғ ташкил этилди. Экотуризм шайдоларини мафтун этадиган марказда балиқчилик ширкати, ҳайвонот, истироҳат боғлари, ботаника парки, сув усти модул уйлари, таунхауслар мажмуаси, аквапарк, мотоспорт мажмуаси, скейт учиш майдони, соғломлаштириш маскани, ўтов боғи, меҳмонхоналар, манзарали соҳил бўйи каби лойиҳаларнинг ишга туширилиши бу ернинг туристик жозибадорлигини ошириб, йилига ўртача 350 минг нафар маҳаллий ва чет эл сайёҳларининг келишига қулай муҳит яратади. Хизматлар ҳажми 500 миллиард сўм бўлади. 260 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Сайёҳларга қулайлик яратиш учун сув омборига олиб борувчи 1,5 километр йўл қурилади. Тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш учун ҳам йирик ҳажмдаги ишлар бажарилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда амалга оширилаётган бу ишлар туристларнинг воҳада ҳозирги бир ёки икки кун қолишини 5-6 кунга узайтиради. Омонхонада сайёҳлар оқимини 400 минг, Сангардакда 448 мингга оширади. Омонхонада хизматлар ҳажми 80 миллиард, Сангардакда 150 миллиард сўмни ташкил этади. Буларнинг барчаси жанубдаги воҳанинг бой туристик имкониятидан оқилона фойдаланиб, юртимизнинг жозибадор сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг тараннум этиш, уларнинг мамлакатимиз билан яқин танишишига қулай муҳит яратиш ва одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири