Хабарингиз бор, кейинги пайтларда банклар бошқа молия муассасалари қаторида хизмат кўрсатиш борасида янги таклифлар ва мижозлар учун қулай хизматларни тақдим этмоқда. Бу эса соғлом рақобат муҳитида ташкилотнинг имижи ҳамда мавқейини мустаҳкамлаш билан биргаликда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари учун Банк-молия академиясида ташкил этилган ўқув машғулотида “Факторинг хизматлари кўрсатишнинг замонавий талаблари” мавзусида тақдимот бўлиб ўтди.
Факторинг — бу сотувчи томонидан кечиктирилган тўлов шарти билан етказиб берилган маҳсулотлар учун пулни аввалдан олиш, Банкка дебиторлик қарзини талаб қилиш ҳуқуқини сотилиши демакдир. Яъни сотувчи кейинроқ олиниши мумкин бўлган тушумни аввалдан пулга алмаштиради ва бунинг учун банкка ҳақ тўлайди.
Мазкур ўқув машғулоти “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Бош офиси, Тошкент шаҳар ҳамда Банкнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида ташкил этилиб, факторинг хизматини иқтисодиёт соҳаларининг ўзига хослиги, хусусан, хизматлар ва заргарлик соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжини инобатга олган ҳолда тақдим этиш, онлайн платформа орқали факторинг хизматларини кўрсатиш бўйича ўзаро савол-жавоблар ва муҳокамалар олиб борилди.